Жиноят кодексига мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбурот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда келтирилишича, 21 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 2-йиғилишида Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича йўл харитаси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Лойиҳада коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари рўйхатини шакллантиш, хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро ташкилотларининг вакилларига пора берганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш, коррупция ҳолатлари тўғрисида аноним хабар йўллаш ва уларни кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексига мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш, Халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган қарзлар ва молиявий ёрдамлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини шакллантириш масалалари ҳам ўрин олган.

Davletov.uz Telegram каналида ушбу хабарга муносабат билдирди.

«Бу БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси 20-моддаси (ноқонуний бойлик орттириш)да акс этган. Унга кўра, амалдорнинг харажати даромадига муносиб бўлиши лозим. Яъни чиновник данғиллама уйи, чет элда дам олиши ёки тўлаётган кредити суммаси ва бошқа даромадларининг келиб чиқишини исботлай олмаса, демак, ўз-ўзидан коррупция сифатида баҳоланиши керак. Ойлиги 7−8 миллион сўм, лекин 150−750 минг долларлик ҳашаматли уйларда яшайдиган амалдорлар анча типирчилаб қолар эди», — дейилади изоҳда.

Шунингдек, молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини мажбурий равишда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини жорий қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.