Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида автокредит беришни ваъда қилган корхона раҳбари фуқаролар маблағларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, «E.A.» хусусий корхонаси раҳбари Д.Т. фуқароларни йиллик устама тўлови 12 фоизлик авто кредит беришга қизиқтирган.

119 нафар фуқаро билан 4 ой мобайнида тузилган шартномаларга асосан автомашина нархининг 6 фоиз миқдорида олдиндан тўлов шаклида корхона ҳисоб-рақамига 713,8 млн сўм ўтказилган.

Корхона раҳбар ушбу маблағларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан корхона раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.