Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021−2025 йилларда устувор ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ташкил этилди ва у қуйидаги йўналишларда фаолият юритишга масъул этиб белгиланди:

  • қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш;
  • фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари ва кооперациялари ҳамда илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан манфаатли илмий-ишлаб чиқариш ҳамкорлигини йўлга қўйиш, янги илмий ишланмалар, инновациялар ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш;
  • барча турдаги давлат илмий ва олий таълим муассасаларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги тармоқларининг малакали мутахассисларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илғор тажриба ва замонавий технологиялар асосида уларнинг малакасини ошириш;
  • қишлоқ хўжалигида хусусий секторни кенг жалб этган ҳолда билим, малака ва кўникмаларнинг самарали алмашинуви ҳамда узатилишини таъминлайдиган миллий ахборот ва маслаҳат хизматлари тармоғини ривожлантириш;
  • халқаро сифат стандартларини жорий қилишда кўмаклашиш, маҳсулот етиштирувчилар ва агробизнеснинг ўзаро ҳамкорлик платформасини ташкил этиш.

Фармонда, шунингдек, 2021−2022 йилларда Миллий марказнинг Республика агрохизматлар маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар агрохизматлар марказларини ташкил этиш топширилган. 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич қишлоқ туманларида Миллий марказнинг туман агрохизматлар марказлари ташкил этилади.

Мазкур марказлар Жаҳон банкининг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида ажратиладиган маблағларни жалб этган ҳолда ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади.

Республика агрохизматлар маркази, ҳудудий ва туман агрохизматлар марказлари ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда ташкил этади:

  • ҳудудларнинг узоқ муддатли ривожланиш тенденциялари ва инсон капитали бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда соҳада кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш;
  • хорижий тажриба асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
  • ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши эҳтиёжларидан келиб чиқиб илмий ташкилотларга тайёр илмий ишланмалар ва тегишли илмий маслаҳатларга буюртмаларни шакллантириш;
  • қишлоқ хўжалиги соҳаларининг долзарб йўналишлари бўйича тайёрланган илмий ишланмаларни ҳудудлар шароитига мослаштириш йўналишидаги тадқиқотларни амалга ошириш, унинг натижаларини бевосита қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектларга етказиш;
  • ҳудудлар аграр соҳаси асосий ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда халқаро тажрибалар ҳамда илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги барча хизматларни «ягона дарча» тамойили асосида амалга ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги субъектларига бевосита ва онлайн ҳамда «call-марказ» орқали хизмат кўрсатиш.

Президентнинг бошқа бир қарори билан Миллий марказ тизимида қуйидагилар ташкил этилмоқда:

  • Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси негизида Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти;
  • Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё филиали негизида Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти;
  • Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси ва Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси негизида Дон ва шоли илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси.

Шунингдек, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятининг «Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти» масъулияти чекланган жамияти белгиланган тартибда давлат муассасаси шаклида қайта ташкил этган ҳолда Миллий марказ тизимига ўтказилади.