2020 йилда коронавирус пандемиясига қарамасдан ишлаб чиқариш жараёнларида бахтсиз ҳодисалар ошган. Бу Давлат меҳнат инспекциясининг ҳисоботида акс этган.

2020 йил давомида республикада ушбу кўрсатгич 607 тани (107 тага кўпайган) ташкил этган бўлса, 2019 йилда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар 500 та бўлган.

Бахтсиз ҳодисалар оқибатида 693 нафар ходим жабрланган. Шундан 201 нафар ходим ҳалок бўлган, 457 нафари оғир ва 35 нафари енгил тан жароҳати олган.

Тармоқлар кесимида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар:

  • Саноатда — 101 та. Оқибатда 23 нафар ходим вафот этган ва 80 нафари оғир тан жароҳати олган;
  • Қурилишда — 82 та. Оқибатда 31 нафар ходим вафот этган ва 51 нафари оғир тан жароҳати олган;
  • Қишлоқ ҳўжалигида — 18 та. Оқибатда 12 нафар ходим вафот этган ва 15 нафари оғир тан жароҳати олган.

Ушбу бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш жараёнида 4 014 та аниқланган камчиликлар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган 566 та ёзма кўрсатма берилган.

Қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйгани учун 403 нафар мансабдорга нисбатан 4,149 млрд сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган. 63 та ҳолатда инспекторларнинг тегишли хулосалари асосида айбдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Республика бўйича касб касаллиги ҳисобида турган беморлар сони 2019 йил 4716 кишини, 2020 йилда эса 4759 кишини ташкил этган. 2020 йилда касб касаллиги аниқланган 43 нафар беморнинг 40 нафари саноатга тўғри келган.

Фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, иш берувчиларга меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўлланилиши юзасидан жами 7 065 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шундан 1 371 та оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган, 4 040 та иш берувчилар билан жойларда семинарлар ўтказилди, 1 683 маротаба ишонч телефон орқали тушунтиришлар берилди.