Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2020 йил декабр ойида Ўзбекистонда истеъмол саватининг ҳисоб-китобини эълон қилди. Бунда жаҳон тажрибаси ва аҳолининг ижтимоий сўров натижаларини ҳисобга олингани айтилмоқда.

«Ўрганишлар шуни кўрсатадики, истеъмол саватининг миқдори бир киши учун тахминан 2 157 000 сўмни ташкил этади», дейилади хабарда.

Истеъмол саватига озиқ-овқат маҳсулотларидан — нон, ёрма ва дуккакли мевалар, гўшт, сабзавотлар, полиз, мевалар (цитрус мевалар ва зираворлар) сут маҳсулотлари киритилган. Шунингдек, ноозиқ-овқат — дорилар, косметика ва уй-рўзғор буюмлари маҳсулотлари ва коммунал хизматлар, транспорт харажатлари ва қўшимча ўқув курслари ҳам ўрин олган.

Истеъмол савати аҳолининг учта ижтимоий-демографик гуруҳи — меҳнатга лаёқатли аҳоли, нафақахўрлар ва болалар учун ишлаб чиқилиши лозим. Федерация бир ойда ўртача меҳнатга лаёқатли шахс истеъмол қиладиган товар ва хизматларнинг рўйхатини ҳам тайёрлади.

Унга кўра, бир киши ой давомида 10 дона нон, 3 кг ун, 8 кг мол, қўй ва товуқ гўшти, 1 кг колбаса истеъмол қилади. Шуниндек, 3 кг балиқ маҳсулотлари, 2 литр сут, 18 дона тухум, 1 кг шакар ва 1 литр ўсимлик ёғи ҳамда 2 кг гуруч рўйхатдан ўрин олган.

Қолаверса, 8 кг картошка, 6 кг пиёз, 2 кг сабзи, 4 кг помидор, 2 кг бодринг, мевалар эса 1 килограмдан истеъмол қилиниши қайд этилган. Озиқ-овқат маҳсулотларига жами — 1 млн 299 минг сўм, ноозиқ-овқат маҳсулотларига эса — 858 минг сўм сарфланиши белгиланган.