«Газета.uz» 1 февралдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Иш ҳақи миқдори 1,1 баробарга ошади

Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 10%га оширилади. Хусусан:

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 747,3 минг сўм;
  • базавий ҳисоблаш миқдори — 245 минг сўм;
  • бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа — 434 минг сўм;
  • кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам — 326−653 минг сўм;
  • 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга тўланадиган нафақа миқдори 10% га оширилади.

2. Бир қатор маҳсулотларга акциз солиғи оширилади

Бир қатор нефть маҳсулотлари, тамаки ва алкоголь маҳсулотларига солиқ ставкалари оширилади.

Фото: lex.uz


3. Қоғоз кўринишидаги ойлик йўл чипталари сотуви тўхтатилади

1 февралдан бошлаб барча турдаги (талаба, ўқувчи, нафақа ҳамда аҳоли учун) мўлжалланган қоғоз кўринишидаги ойлик йўл чипталари сотувга чиқарилмайди. Шу кундан эътиборан имтиёзли электрон ойлик йўл чипталари учун белгиланган кунлик тарифлар фаоллаштирилади.


4. Божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари ва хом ипак олиб чиқилишини мониторинг қилинади

Экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан тақдим қилинган экспорт контрактлари «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси томонидан 2 иш кунида Президент ва Ҳукумат қарорларида белгиланган ҳажмларга мувофиқлиги бўйича мониторингдан ўтказилади.


Фото: lex.uz


5. Судья фаолиятининг самарадорлиги электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳоланади

Суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши (Кенгаш) ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:

  • илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади;
  • судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур («психологик тест») ишлаб чиқилади;
  • судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар амалиётга (рейтинг дастури) татбиқ этилади.