ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори Нилуфар Ғиёсованинг ЎзАга маълум қилишича, 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 774 хотин-қизга ҳимоя ордери берилган.

Ҳимоя ордерлари кўпроқ Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган.

Хотин-қизлар 56 ҳолатда жинсий, 121 ҳолатда иқтисодий, 6836 ҳолатда жисмоний зўравонликка учраган бўлса, 6281 ҳолатда руҳий босимни бошидан ўтказган. 1480 ҳолатда тазйиқ остида қолган.

Ҳимоя ордери берилаётганлар орасида 125 нафар вояга етмаган қизлар ҳам бор. Ҳимоя ордери олаётганларнинг асосий қисмини 30 ёшдан ошган аёллар ташкил этган. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг 73 фоизи уларнинг оилаларида, қолгани жамоат жойида, ишхона ва таълим муассасаларида содир этилган.

Ҳимоя ордери берилиши натижасида 14 минг 774 жиноятнинг олди олинган. Фақат ҳимоя ордери олган икки нафар шахс жиноятдан жабрланган.

Хабарга кўра, ҳимоя ордери берилган оилаларда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик ишлар натижасида 8166 оилада эр ва хотин яраштирилган. 5046 оиладаги низолар бартараф этилиб, қолганлари бўйича профилактик ишлар давом эттирилмоқда.

Тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган 146 нафар шахс ҳимоя ордери талабларини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.