10 январь куни кечга яқин Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли, 1−2 қаватлари савдо дўкони, 3−6 қаватлари уйга мўлжалланган 240 кв.млик бино қулаб тушган эди. Шу куниёқ мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди. 12 январь куни Жиззах вилояти ҳокимлигида комиссиянинг тўлиқ таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

Дастлабки хабарларда бинони «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ қургани ҳақида сўз юритилди. «Газета.uz» Barakali Qorako’l Chorvador фермер хўжалиги ҳақида гап бораётганини аниқлади.

Жиззах вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Турсунов таҳририят мухбири билан суҳбатда мазкур маълумотни тасдиқлади. У фермер хўжалиги «Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекциясида рўйхатдан ўтган"ини таъкидлади. Қўй наслчилиги билан шуғулланувчи фермер хўжалиги турар-жой бинолари қурилиши билан шуғулланишга ҳуқуқи бор ёки йўқлигига оид саволга Маҳмуд Турсунов агар ушбу йўналиш фермер хўжалик низомида кўрсатилган бўлса, унда мумкин, дея жавоб берди.

«Низомни кўриб чиқишга вақтимиз йўқ эди, чунки биз ҳозирги пайтда ҳалокат содир бўлган ҳудудни тозалаяпмиз. Ҳозирча ҳужжатларни кўриб чиқиш учун вақт бўлмади, лекин Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекциясида рўйхатдан ўтган», — дея таъкидлади у.

Махмуд Турсунов, шунингдек, ҳозирча фермер хўжалиги аввал қурилиш ишлари билан шуғуллангани ҳақида бирор маълумотга эга эмаслигини ҳам тан олди. Унинг сўзларига кўра, бу далилларни ўрганиш унинг вазифасига кирмайди — бу билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шуғулланади.

Фото: ЎзА.

Бундан ташқари, 11 январь куни Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган махсус комиссия йиғилиш ўтказган. ЎзАнинг хабар беришича, комиссия раиси, Жиззах шаҳар ҳокими Акбар Шукуров шаҳарнинг «Зилол» маҳалласи, Мустақиллик кўчасида жойлашган бино иншоот ва эгаллаган ер майдони Barakali Qorako’l Chorvador фермер хўжалиги мулки сифатида 2019 йил 22 апрелда 18365-сон реестр билан давлат кадастр рўйхатидан ўтказилганини таъкидлаган.

Жиззах шаҳар ҳокимининг 2019 йил 17 сентябрдаги қарори билан бинони бузиб, ўрнида биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, юқори қаватлари турар жой биноси сифатида қайта қуришга рухсат берилган. Жиззах вилояти қурилиш бош бошқармаси архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ I-II) ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

Discovery architects group МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, «Шаҳарсозлик экспертизаси» давлат унитар корхонаси Жиззах вилояти филиалининг хулосаси олинган ва вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилган ҳамда улар ҳам рухсатнома берган.

Таъкидланишича, қурилишнинг бюртмачиси ҳам, пудратчиси унинг эгаси яъни — Barakali Qorako’l Chorvador фермер хўжалигининг ўзи бўлган. «Ҳозирча саволлар кўп. Саволларга фермер хўжалиги иш бошқарувчи Акмал Бобоев: — Шукур, ҳодиса, дам олиш куни содир бўлгани учун одамлар жабрланмади, — деб жавоб берди», дейилади хабарда.

Barakali Qorako'l Chorvador

Манба: Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, фермер хўжалиrи 2017 йилнинг августида рўйхатдан ўтган. Фориш тумани «Дарвоза» МФЙ ҳудудида — қоракўл қўй зоти наслчилиги билан шуғулланади. Barakali Qorako’l Chorvador`нинг ягона раҳбари ва таъсисчиси Абдуллахакимов Жаҳонгир Шуҳрат ўғли ҳисобланади.

«Газета.uz» мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида фермер хўжалик раҳбари билан боғланди. Мухбир унинг олдин ҳам қурилиш билан шуғулланган ёки йўқлиги билан қизиқди. Абдуллахакимов «бинони ўзи мен қурмаганман», дея жавоб берди.

«Қурилиш қилмоқчи бўлганман, қиммат бўлгани сабабли «уни қилолмас эканман», деганман. Кейин, 2020 йил апрель ойида фуқаро Абдураҳим Бобоевга ўтказилган мулк ҳуқуқи. Нолдан қурган одам шу киши. Бугун (11 январь) терговчига бориб учрашиб, ҳамма ҳужжатларни тақдим қилдим. Тушунтириш хати ёзиб бердим, бу нарсага мени умуман алоқам йўқлигини айтдим. Бошида икки қаватли дўконларни давом эттирмоқчи эдим. Бу йўлни усти, икки қаватли бино бўлса «снос»га тушади, деган гап бўлганидан кейин, кўп қаватли қураман деб, Жиззах шаҳар ҳокимиятига ариза берувдим. Лекин унга кучим етмади, қилолмадим. Абдураҳим Бобоевга ҳамма ҳужжатларни топшириб юборганман. Кўчмас мулкни келгусида қурилиш билан шуғулланиш учун бермаганман, қурилиш қилолмайман деб, кўчмас мулкни сотганман. Мен уни бегоналаштирдим, кейин умуман аралашмадим», — деди Жаҳонгир Абдуллахакимов.

ЎзА хабарида фермер хўжалик иш бошқарувчиси Акмал Бобоев ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган эди. Жаҳонгир Абдуллахакимовнинг айтишича, у кўчмас мулкни сотиб олган Абдураҳим Бобоевнинг ўғли ҳисобланади ва фермер хўжаликка умуман алоқаси йўқ.

У шунингдек, Абдураҳим Бобоев телефон рақами ва унинг компанияси ҳақида ҳеч нима билмаслигини айтди. Қолаверса, бу иш билан шаҳар прокуратурасида терговчи Толмас Раҳмонов шуғулланаётганини қўшимча қилган. Терговчи «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани ва ҳеч қандай ахборот бера олмаслигини қайд этди.

Жиззах шаҳри бош архитектори Воҳиджон Мирзаев «Замон» ахборот дастурига берган интервьюсида 6 қаватли бино қуришга рухсат берилмаганини айтмоқда.

Фото: «Замон» ахборот дастури лавҳасидан.

«Тасдиқланган лойиҳага асосан уч қаватли қилиб белгиланган, ҳозирги ҳолати эса 6 қаватли қурилган. Юқори қаватда ҳақиқатдан ҳам жуда оғир конструкциялардан фойдаланиб, пастки қаватларига зарар етказган. Ҳозир тегишли мутахассислар ўрганаяпти. Бинони конструктив ҳолатига қараб кейинги хулосалар берилади. Лекин 6 қаватли қилиб тасдиқланмаган. Орқа тарафдаги бинолар эса ўтмаган тасдиқдан. Ташқи тарафи ўзбошимчалик билан қурилган. Ноқонуний қурилиш ҳисобланади, орқа қаватларига рухсат берилмаган», — деди у.

Воҳиджон Мирзаев қулаган уйнинг орқасидаги биноларнинг фундаментига ҳам жиддий зарар етказилганини қўшимча қилди.

Жиззах шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари Мунир Жуманов орқадаги бино қулаши хавфи мавжудлиги боис фавқулодда ҳолатларда одамларнинг ҳаётига хавф етмаслиги учун ҳозирда мазкур бино атрофида ҳаракат чеклангани ва ўраб қўйилганини маълум қилди.

Бундан ташқари, у мазкур бино қурилиши 2020 йил март ойида бошлангани ва декабрда вақтинчалик тўхтатилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 25 декабрь кунидан бери бинода ҳеч ким бўлмаган. Воқеа натижасида жабрланган ёки ҳалок бўлганлар йўқ.

«Газета.uz»га Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг хабар беришича, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси 12 январь куни Жиззах вилояти ҳокимлиги биносида йиғилиш ўтказиши режалаштирилган.

Унда комиссия Жиззах шаҳрида қурилаётган кўп қаватли турар-жой биносининг қулаши сабабларини ўрганиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш масалаларини кўриб чиқади. Йиғилишда, шунингдек, комиссия аъзолари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари қатнашиши белгиланган.