Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосарлар тайинланди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати. Ташкилий масала 15 сентябрь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов раислигида ўтказилган йиғилишда кўриб чиқилди.

Рўзметов Мақсуд. Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Рўзметов Мақсуд Исмаилович қишлоқ хўжалиги вазирининг Ерлардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Мақсуд Рўзметов (1977 йилда туғилган) ️2007−2017 йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалик махсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментининг ерлардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича етакчи мутахассиси, 2017 йилдан Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раис ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.

Мақсуд Рўзметовга ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини мониторинг қилиш, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг меъёрий қийматини аниқлаш, тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга ошириш, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиётини (Global G.A.P.) кенг жорий этиш вазифалари топширилди.

Мирзаев Шуҳрат. Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Мирзаев Шуҳрат Шахабутдинович қишлоқ хўжалиги вазирининг Молиявий ва иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Шуҳрат Мирзаев (1982 йилда туғилган) ️2018 йил ноябрь ойидан «Агробанк акциядорлик тижорат банки» бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Шуҳрат Мирзаевга қишлоқ хўжалигида молиявий муносабатлар (кредитлаш, лизинг, субсидиялаш ва дотация бериш) тизимини соҳанинг ўзига хос ҳусусиятларини ҳисобга олган ҳолда янада ривожлантириш, соҳада давлат-хусусий шериклик механизмларини такомиллаштириш, агробизнеснинг кластер моделини кенг жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш каби вазифалар топширилди.

Ходжаев Саидкамол. Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Ходжаев Саидкамол Саидкаримович қишлоқ хўжалиги вазирининг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари — Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Саидкамол Ходжаевга озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи корхоналар билан қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароитлар яратиш, озиқ-овқат саноатининг ривожланишига хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини жадаллаштириш, замонавий савдо ва логистика марказларини ташкил этиш каби вазифалар топширилди.

Янги лавозимни жорий этиш ва бўлимни ташкил этиш президентнинг «Республикада озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ва аҳолини юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорида назарда тутилган эди.

Сулаймонов Ботиржон. Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Шунингдек, Сулаймонов Ботиржон Абдушукурович вазирнинг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича ўринбосари — Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори этиб тайинланди. Ботиржон Сулаймонов Тошкент давлат аграр университети ректори лавозимида ҳам фаолиятини давом эттиради.

Ботиржон Сулаймоновга қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими стратегиясини амалга ошириш, ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ўртасида интеграцияни таъминлаш, республикада агрохизматлар ва қишлоқ хўжалигида ахборот-маслаҳат марказлари фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш, соҳага янги илмий ва инновацион ютуқларни, рақамли технологияларни жорий этиш каби вазифалар топширилди.

Йиғилишда Ўзбекистон президентининг 7 сентябрдаги «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда 9 сентябрдаги «Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги вазифалар юклатилгани қайд этилди.