Тиббий психолог, профессор Абдуллажон Бегматов мамлакатда психология соҳасига оид муаммолар ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди.

Психология университетини очиш тўғрисидаги президент қарорининг лойиҳаси 3 январга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлди. Психологияга оид муаммоларни ҳал қилиш мамлакат тараққиёти учун нақадар муҳимлигини шундан ҳам билса бўладики, уларни ечиш нафақат таълим ривожига, балки иқтисодиётдан тортиб спортгача, тиббиётдан тортиб тадбиркорликкача бўлган соҳалар тараққиёти тезлашишига сезиларли таъсир ўтказади.

Собиқ Иттифоқ мероси

Собиқ иттифоқда ХХ асрнинг 60-йилларигача психология фанига етарлича аҳамият берилмас эди. Психология фанининг баъзи энг янги йўналишларига эса менсимай қаралар эди. Масалан, психология фанининг АҚШ в Европанинг ривожланган мамлакатларида ўтган асрнинг 30−40 йилларида шаклланиб тез ривожлана бошлаган соҳаси — «ижтимоий психология» йўналиши 60-йилларгача буржуа фани сифатида инкор этиб келинди. 60-йилларда чоп этилган «Большая советская энциклопедия»да бу фанга қуйидагича таъриф берилган эди: «буржуача сохта фан» (буржуазная лженаука).

Психология фанига бундай ёндашув кадрлар тайёрлашда ҳам ўз аксини топмай қолмади. 80-йилларнинг ўрталаригача Ўзбекистонда фақат Тошкент Давлат Университетида (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети) психология йўналишига ҳар йили 25 нафар талаба қабул қилинар эди. Бундай ёндашув оқибатида 1990 йил бошларида собиқ иттифоқда ҳаммаси бўлиб олий маълумотли психологлар сони 5000 кишидан камроқни ташкил қилар эди. Қиёслаш учун: ўша йил бошларида олий маълумотли психологлар сони АҚШда 300 000дан ортиқроқни ташкил қилган эди. Ҳар минг кишига ҳисоблаганда АҚШда психологлар сони собиқ иттифоққа қараганда 60 баравар кўп бўлган.

Бундан 50 йил аввал америкаликларнинг кўпчилиги ўзларининг оилавий психологига эга бўлган. Бизнинг мамлакатимиздаги поликлиникаларнинг кўпчилигида ҳозирги кунда ҳам тиббий психолог мавжуд эмас.

Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб собиқ иттифоқда психологияга эътибор бироз кучайди. Лекин кўп вақт ютқизилган эди.

Мустақилликка эришилгандан кейин Ўзбекистонда психология фанига кўпроқ эътибор берила бошланди. Мамлакат олий ўқув юртларидаги психология факультети ва йўналишларига ҳар йили 800га яқин талаба қабул қилинмоқда. Бу собиқ иттифоқ даврига қараганда 30 баравардан ортиқроқни ташкил қилади. Лекин миқдорий жиҳатга етарли эътибор берилган бўлсада, таълим сифатига етарли эътибор берилмади.

Иттифоқ парчалангандан кейин Россия Федерацияси, Беларусь сингари мамлакатларда психология фанининг мундарижаси жиддий ўзгартирилди ва ривожланган мамлакатлар даражасига деярли етказилди. Ўзбекистонда психология факультетлари сони ва уларга қабул қилинаётган талабалар сони ортган бўлса ҳам, фан мундарижаси собиқ иттифоқ даражасида қолиб кетди.

Психология фанларининг ўрганилмаган муҳим йўналишлари

Психология фанлари мундарижасини белгилашда бизнингча, бир қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. Мамлакатимиз психология фанида инсон психикаси икки қатламдан, онг ва онгостидан иборат эканлиги ҳисобга олинмаяпти. Дунёда кўзга кўринган олимларнинг фикрига кўра, онг психиканинг 10 фоизини, онгости эса 90 фоизини ташкил қилади. Мамлакатимиздаги деярли барча психолог олимлар психиканинг 10 фоизини ташкил қиладиган онг бўйича диссертациялар ҳимоя қилганлар. Психология факультетларининг ўқув режаларига ҳам фақат онг билан боғлиқ мавзулар киритилган. Чунки собиқ иттифоқнинг психология факультетларида ҳам фақат онг билан боғлиқ мавзулар ўқитилар эди.

Мамлакатимизда йигирмадан ортиқ фан докторлари, юздан ортиқ фан номзодлари бўлишига қарамай фақат 1−2 диссертация онгости билан боғлиқ мавзуларда ҳимоя қилинган. Улар ҳам номзодлик диссертациялари. Онгости билан боғлиқ мавзулар нақадар муҳим эканига қарамай, улар деярли ишланмагани учун жуда кўп муаммолар вужудга келмоқда.

Психология фанларининг бир қатор муҳим йўналишларида жуда кам ишланган ёки умуман ишланмаган. Жумладан, мамлакатимизда тиббий психология бўйича илмий иш қилган мутахассислар бармоқ билан санарли. Тошкент тиббиёт академиясида мазкур йўналиш бўйича магистратура очилган. Лекин яқин вақтларгача тиббиёт муассасаларида тиббий психолог штати кўзда тутилмагани учун магистратурани тугатганлар қаерга ишга киришни билмай сарсон бўлишди.

Тиббиёт олийгоҳларининг ўқув режасига шахс психологияси, ёш даврлари психологияси, психодиагностика, психокоррекция деган врачлар учун зарур бўлган фанлар умуман киритилмаган. Умумий психологияни педагогика фани билан қўшиб ўқитиш учун фақат 56 соат вақт ажратилган. Бу эса умумий психология ўқиш олти йил давом мединститутларда 28 соат ўқитилишини англатади. Яъни ўқиш ҳар куни 6 соат давом этади, деб ҳисобласак, психологияга олти йил давомида 5 кун ажратилишини билдиради. Тўғри, ўқув режаларида тиббий психология ва психиатрия, сингари фанларни ўқитиш ҳам кўзда тутилган. Лекин бу фанлар меъёрий психикани эмас, психиканинг меъёрдан оғишларини ўқитишни кўзда тутади.

Тиббиёт институтларида инсондаги меъёрдан оғишларни ўргатадиган фанларни ўқитишдан аввал меъёрий ҳолатларни ўрганишга бағишланган фанлар чуқур ўқитилади. Масалан патологик анатомия фанидан аввал нормал анатомия, патологик физиология фанидан аввал нормал физиологияни ўқитиш сингари. Шуниси ҳам борки, меъёрдаги ҳолатлар ва меъёрдан оғишларни ўргатувчи фанларга ажратиладиган соатлар ҳажми деярли бир хил.

Руҳиятни ўрганадиган фанлар масаласига келсак, 28 соат давомида инсон руҳиятидаги асосий ҳолат ва жараёнларни санаб ўтиш ва уларга қисқача таъриф бериб ўтиш мумкин холос. Меъёрий ҳолатни яхши билмаган талаба меъёрдан оғишни қанчалик чуқур англаши мумкин. Руҳиятдаги меъёрдан оғишни яхши ўрганиш учун аввало унинг меъёрий ҳолатини обдон ўрганиш зарур.

Ривожланган мамлакатларда, Россия Федерерацияси тиббий ОТМларида психологиянинг энг замонавий йўналишлари: психокардиология, психодерматология, психоиммунология, психоонкология, психоэндокринология сингари қатор фанлар ўқитилмоқда. Бу мамлакатларда кардиолог мутахассислигини эгаллаётган талаба психокардиологияни, эндокринология мутахассислигини эгаллаётган талаба психоэндокринологияни, бўлғуси онколог психоонкологияни эгаллаши шарт ҳисобланади.

Қанчалик оғир бўлса ҳам эътироф этиш зарурки, бу фанлардан талабалар уёқда турсин, аксарият олимларимиз ҳам етарли билимга эга эмас. Буни қаердан биласиз, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Мен мамлакатимизда кейинги икки йилда чоп этилган журналларни ўрганиб, тиббиётнинг санаб ўтилган янги йўналишлари бўйича биронта мақола ҳам топа олмадим. Бу ҳолат мазкур йўналишларнинг мамлакатимизда қандай аҳволда эканидан далолат беради. Тиббий психология ва унинг йўналишларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ қилиш беморларнинг даволаниши ва жамият саломатлигини яхшилашда жуда муҳим рол ўйнаган бўлар эди.

Психология фанининг ўқитувчиларни тайёрлашдаги ўрни

Университетларнинг ўқув режаларига ўқитувчилар учун зарур бўлган педагогик психология ва ёш даврлари психологияси, ижтимоий психология, психодиагностика, психокоррекция сингари фанлар киритилмаган. Айни пайтда психологиянинг ўқитувчилар учун мутлақо зарур бўлган бу соҳалари бўйича етарли билим олмаган битирувчиларнинг 90 фоиздан ортиқроғи мактабларга ўқитувчилик қилиш учун бормоқда.

Ўқитувчининг асосий вазифалари тушунтириш, уқтириш ва шу усуллар ёрдамида ўқувчиларга билим бериш ва тарбиялаш. Таълим жараёни қисман, тарбия жараёни эса, асосан, онгостига таъсир ўтказиш орқали амалга оширилади. Онгостига таъсир қилмай ҳам таълим ва тарбия тадбирларини ўтказиш мумкин. Лекин бунда тадбирларнинг самарадорлиги жуда паст бўлади.

Тарбия жараёнида уқтиришнинг муҳимлиги шундаки, ўқувчиларда унинг ёрдамида ижобий сифатларнинг зарурлигига ишонч ҳосил қилиш орқали бу сифатлар онгостига сингдирилади. Бунга фақат панд-насиҳат қилиш йўли билан эришиб бўлмайди.

Психологиянинг ижодкорликни ривожлантиришдаги ўрни

Ҳозир таълим тизимимизда ўқувчилардаги ижодкорлик хусусиятини ривожлантиришга алоҳида талаблар қўйилмоқда. Мамлакатимизда ижод мактаблари, президент мактабларини ташкил этишдан кўзланаётган асосий мақсадлардан бири ҳам ижодкорликни ривожлантиришдир. Шу талаб ва мақсадга мос равишда психология ва педагогика фанларимизда ижодкорликни ривожлантириш услубияти, технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилиши керак эди. Лекин ҳозирча психолог ва педагогларимизнинг фаолиятларида бу масалани тезроқ ва атрофлича тадқиқ этишга интилиш сезилмаяпти.

Ижодкорликни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича жаҳон психология фанида мавжуд хулосаларга кўз югуртирсак, аввало, ижодкорлик яна ўша онгостида шаклланиши ва ривожланиши маълум бўлади. Ижод мактабларимизда ишлаётган ўқитувчи ва мураббийларда эса онгостининг тузилмаси ва хусусиятлари ҳақидаги билимларни шакллантириш ва ривожлантиришга эътибор берилмаяпти. Бизнинг фикримизча, бундай ҳолат бу вазифани бажара оладиган психологларнинг камлиги билан боғлиқ бўлса керак.

Ижодкорликнинг доимий йўлдоши бўлган бир ҳодиса бор. Бу илҳом деган ҳодисадир. Агар ўқувчиларда ижодкорликни шакллантириш жараёнида уларда илҳом уйғотиш муаммосини ҳал қила олсак, олдимизга қўйилган мақсаднинг ярмига етган бўлар эдик. Бу вазифани бажариш учун ҳам онгостига мурожаат қилишимиз ва у билан ишлашимиз керак бўлади.

Спорт психологияси тўғрисида

Психологиянинг мамлакатимизда энг кам ривожланган, эндигина оёққа туриб келаётган соҳаларидан бири спорт психологияси ҳисобланади. Бу йўналиш бўйича Жисмоний тарбия ва спорт университетида мутахассислар тайёрланмоқда. Бу университетнинг мазкур йўналишини тамомлаган мутахассисларнинг назарий тайёрлигини билмадим-у, лекин мен билганларим амалий жиҳатдан ўз йўналиши бўйича ишлашга тўла тайёр эмас.

Ишонч билан бундай дейишимга сабаб шуки, 2018 йилда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида спорт психологияси бўлими очиладиган бўлди. Шу бўлимга мутахассисларни олиш учун махсус комиссия тузилди ва мендан шу бўлимга ишга кирмоқчи бўлган талабгорлар билан суҳбатлашиб улар орасидан бўлимда ишлашга ярайдиганларини танлашда ёрдам беришимни сўрашди. Мен йигирмадан ортиқ давогар билан суҳбатлашдим. Уларнинг ярмига яқини спорт психологияси йўналишини битирганлар эди. Суҳбатга келганларнинг деярли барчаси спорт мусобақалари ва машқлари давомида юз берадиган психологик ҳолат бўйича берилган энг оддий саволарга ҳам жавоб беролмай сукут сақлашди.

Спортчи маҳорати ўзи танлаган спорт туридаги зарур кўникмаларни қанчалик пухта эгаллашига боғлиқ. Кўникмалар эса барча дарслик ва қўлланмаларда такрорланаётганидек, зарур амалларни кўп марта такрорлаш натижасида шаклланади. Спортчи зарур кўникмани шакллантириш учун уни юзлаб ва минглаб марта такрорлайди. Бу кўникмалар онгда эмас, онгостида шаклланади.

Шунинг учун мураббий ёки жамоа психологи онгостига таъсир ўтказиш усулларидан хабардор бўлса, зарур кўникмаларни шакллантириш жараёнини бир неча марта тезлаштириш мумкин.

Юқорида санаб ўтилган камчиликларнинг мавжудлиги ва тез тугатилмаётгани сабабларидан бири, бизнингча, мамлакатимизда психология бўйича ягона илмий-методик марказнинг йўқлигида. Айтайлик, Россияда психология бўйича ўнлаб илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари ишлаб турган пайтда, мамлакатимизда психология бўйича бирорта ҳам илмий-тадқиқот институти ёки шундай институтнинг ўрнини боса оладиган марказ йўқ. Ана шундай илмий-тадқиқот институти тузилса ва унда тегишли билим ва малакага эга бўлган олим ва мутахассислар жамланса, бу соҳадаги ишларимиз анча жонланган бўлар эди.

Нафақат спорт, балки, таълим-тарбия, тиббиёт ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам психология фанида вужудга келаётган янгиликларни ўрганиш ва имкон борича амалиётга тадбиқ қилиш Янги Ўзбекистоннинг тезроқ шаклланиши ва ривожланишига хизмат қилади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Муаллиф: Абдуллажон Бегматов — Тиббий психолог, президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти «Бошқарув психологияси» кафедраси профессори.