3 январь куни кечқурун ижтимоий тармоқларда Тошкентда бир нечта эркак ва ички ишлар органларининг икки ходими ўртасида содир бўлган воқеа ҳақида видео тарқалди.

Видеода учта эркак икки ЙПХ ходимлари билан жанжаллашаётгани ва ЙПХ ходими: «Отманг! Тўхтанг, қуролни жойига солинг!» каби сўзларини бақираётгани тасвирланган.

ЙҲХББ матбуот хизмати хабар беришича, 31 декабрь кунидан 1 январь кунига ўтар кечаси соат 04:00 ларда, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Муқумий кўчасида «Матиз» русумли автомобиль ҳайдовчиси ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган. Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автомобиль бетон тўсиқ устига чиқиб тўхтаган.

Маълумотларга кўра, автомашинада бўлган 4 нафар фуқаро ҳодиса жойига етиб келган ИИББ ЙПХ ва ППХ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан ўткир тиғли жисмлар билан қаршилик кўрсатган.

Фуқаролардан бир нафари ушланиб туман ИИБга олиб келингани ва қолган 3 нафар фуқаро ҳодиса жойидан яширингани маълум қилинди.

Ҳозирда барча фуқаролар шахсига аниқлик киритилиб, ҳодиса юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.