Биз давлат корхоналарини хусусийлаштириш зарурлигини кўп бора таъкидлаймиз, чунки улар самарасиз, жамият учун жуда қимматга тушади ва иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади. Ишончим комилки, аксарият хусусийлаштиришни амалга ошириш зарур деган фикрга қўшилишади, аммо менимча, хусусийлаштиришни қандай амалга ошириш кераклиги масаласи жамиятда етарлича муҳокама қилинмаяпти.

Хусусийлаштиришни қандай амалга ошириш керак?

Сиртдан қараганда, ҳаммаси жуда оддий туюлади: биз адолатли ким ошди савдосини уюштирамиз, у ерга кўплаб иштирокчиларни таклиф қиламиз ва давлат мулкини ҳеч қандай инвестиция мажбуриятлари ва талабларисиз энг юқори нархни таклиф қилганга сотамиз. Аммо ҳақиқат шундаки, харидор ва сотувчи ўртасидаги маълумот алмашувининг нотекислиги туфайли бундай ким ошди савдоси кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Келинг, Сиз, азиз ўқувчимиз, жуда ҳалол одамсиз ва сиз давлат активларини хусусийлаштириш учун жавобгар этиб тайинландингиз деб фараз қилайлик. Сиз ҳатто дунёдаги энг ҳалол ва тарбияли одам бўлишингизга қарамай, қандай муаммоларга дуч келишингиз мумкинлигини тасвирлаб бераман.

Дейлик, завод сотиб олмоқчи бўлган уч нафар потенциал харидор бор: Анвар, Ботир ва Вали. Анвар заводни 1 миллион долларга, Ботир 100 минг долларга, Вали эса 300 минг долларга баҳоламоқда.


Нима учун уч хил турли рақам? Чунки ҳар бир тадбиркор корхонанинг келажакдаги даромадини турлича ҳисоблайди ва, эҳтимол, Анвар бошқа харидорлар билмаган қандайдир маълумотга эга ва потенциал фойдани анча юқори баҳолайди.

Харидор Анвар бўлиши кераклиги тушунарли — ахир, бошқалардан кўпроқ тўлашга тайёр ва бундай мулк эгаси мулкини кўпроқ қадрлаши ва объектдан самаралироқ фойдаланиши аниқ.

Аммо муаммо шундаки, сиз, ҳурматли давлат мулкининг сотувчиси, ушбу корхонани ким қанча қийматга баҳолаётганлигини билмайсиз. Агар сиз фикрларни ўқий олганингизда эди, Анварга объектни 999999 долларга сотган бўлар эдингиз ва ҳамма хурсанд бўлар эди. Аммо Сизнинг ҳалол одам эканлигингиз, лекин башоратчи эмаслигингизни тахмин қилганимиз сабабли, Сиз ким ошди савдосини ташкил қиласиз.

Объект қайси нархда сотилади?

Тўғри, Анвар ва Вали ўзаро келишишади ва «адолатли» ким ошди савдоси натижасида объект 100 минг ва 1 долларга сотилади. Чунки Анвар Валига рад қилиши жуда қийин бўлган таклиф беради. Вали ўзининг 300 минглик нархини айтмаслиги учун Анвар Валига деярли 200 минг доллар таклиф қилиши мумкин. Ва натижада, Валининг «сукути учун» улар давлатнинг 200 минг «олинмаган» даромадини бўлишадилар.

Анвар ва Вали учун ҳалол рақобатлашишдан кўра, келишувга эришиш анча фойдали — очиқ ким ошди савдосининг рағбатлари шунақа.

Бу ўйлаб топилган сценарий тез-тез амалиётда учраб туради — ҳатто ривожланган капитал ва инвестиция бозори бўлган жуда ривожланган мамлакатларда ҳам. Масалан, 1990 йилларнинг охирида Коммуникациялар бўйича АҚШ Федерал Комиссияси (FCC) ким ошди савдосида радиочастоталарни ва 2G тармоқларини сотганида, иштирокчилар ўз таклифларида шифрларган хабарлар билан алмашишган.

Энди, Анвар ва Вали ўзаро тил бириктирмаслиги учун сиз ким ошди савдосини махфий қиласиз дейлик: потенциал харидорлар бир-бирлари ҳақида билишмайди ва махфий конвертда нарх белгилайдилар, энг баланд нарх берган киши объектни олади. Бу вазиятда харидорлар келиша олмайдилар (биз ҳали ҳам ўқувчимизни ҳалол ташкилотчи деб биламиз).

Аммо панд ейишимиз мумкин бўлган бир ҳолат бор: ким ошди савдоси махфий эканлигини билган харидорлар хато тахмин қилишлари мумкин. Анвар ҳеч ким бу заводни қандай қилиб муваффақиятли қилишни билмайди деб ўйлаши мумкин ва 250 минг таклиф қилади, Вали, масалан, 290 минг таклиф қилади. Шундай қилиб, заводга Вали эгалик қилади. Эҳтимол — агар омади келса — хариддан сўнг Вали уни Анварга сотади. Натижада, давлат аниқ камроқ пул олади ва юқори эҳтимол билан энг самарали фойдаланувчи объектни ололмайди.

Гап шундаки, «махфий конверт усули» гарчи иштирокчиларнинг тил бириктиришига йўл қўймаса ҳам, уларни «фол кўриш»га мажбур қилади. Кўриниб турибдики, сиз, ўқувчиларнинг энг ҳалоли, катта эҳтимол билан, яхши натижага эриша олмайсиз.

Хўш, нима учун давлат мулкининг ҳалол сотувчиси бу муаммони ҳал қила олмайди?

Чунки харидорларнинг маҳсулот (бизнинг ҳолатимизда, завод) ҳақидаги билимлари ва маълумотлари ва уларнинг таклиф этаётган нархлари шахсий маълумотдир. Харидор ушбу маълумотни сиз билан бўлишишида афзаллик кўрмайди. Умуман олганда, ким ошди савдоларида сотувчи фикрларни ўқий олмаслиги сабабли муаммолардан қутилиб бўлмайди.

Аммо, бахтимизга, иқтисодиёт фани ахборот ассиметрияси ва ким ошди савдосида сотувчилар ва харидорлар ўртасидаги стимуллар тафовути муаммосини деярли ҳал қилди. Харидорларнинг маълум бир объектни қанчага баҳолаши тўғрисидаги ҳақиқатни айтмаслигида ўз манфаати бор. Ахир, агар Анвар объектни миллионга баҳолайман деса, унда у камроқ фойда олади. Иқтисодчилар иштирокчиларни объектнинг ҳақиқий қийматини ошкор қилишга «мажбурлайдиган» бир нечта механизмларни ишлаб чиқишган. Яъни, ким ошди савдосининг барча харидорларни ҳақиқатни айтишга ундовчи ақлли дизайнлари ўйлаб топилган.

Масалан, «иккинчи нарх ким ошди савдоси» (видео) деб номланган аукционларда харидорлар махфий конвертда объект учун тўламоқчи бўлган нархни кўрсатишлари талаб қилинади ва энг юқори миқдорни таклиф қилган объектни олади ва эътибор қилинг (!), унинг энг яқин таъқибчиси таклиф қилган нархни тўлайди.

Бундай ким ошди савдосида харидор беришни истаган ҳақиқий нархни туширишнинг ҳожати йўқ, чунки ғалаба қозонган тақдирда ҳам Анвар бир миллион тўламайди, у иккинчи энг юқори нарх — 300 мингни тўлайди.

Аммо иккинчи нарх ким ошди савдосининг асосий хусусияти шундаки, иштирокчиларнинг ҳеч бири нархни пасайтиришида фойда кўрмайди.

Ушбу турдаги ким ошди савдосининг яна бир афзаллиги шундаки, ҳатто оз миқдордаги молиявий манбага эга харидорлар ҳам бундай аукционда қатнашишдан хурсанд бўладилар. Чунки улар катта миқдордаги манбага эга бўлган иштирокчилар конвертдаги тахминий миқдорни атайлаб пасайтиришса ҳам, унда унчалик катта бўлмаган суммани таклиф қилган иштирокчи ҳам ғолиб чиқиши мумкинлигини билишади.

Бизнинг мисолимизда, агар Анвар ва Вали, масалан, камроқ тўлашга умид қилиб, ҳар бири 90 мингдан таклиф қилсалар, 100 минг таклиф қиладиган Ботир 90 мингга объектни олиши мумкин. Бундай ким ошди савдосида катта миқдорда оппортунистлар иштирок этиб, ўзларининг ҳақиқий нархларини таклиф қилишади ва бундай харидорларга ютқазишдан қўрққан йирик харидорлар конвертга реал нархни ёзишга мажбур бўлишади.

Гипотетик ким ошди савдоси ҳақида ёзганимда, бу реал воқеалардан йироқдек туюлиши мумкин. Аммо жамият учун яхши ким ошди савдоси ва ёмон ким ошди савдоси ўртасида жуда катта фарқ бор. Масалан, Буюк Британия мобил алоқа учун лицензияларни сотаётган пайтда, ким ошди савдосини дизайни билан таниқли аукцион назариячиси Пол Клемперер шуғулланган. Ва Британия ҳукумати деярли 39 миллиард евро ёки киши бошига 650 евро фойда олди. Швейцарияда эса ҳукумат ким ошди савдолари дизайни ҳақида бош қотирмади ва радиочастоталарни сотишда киши бошига атиги 20 евродан ундирилди.

Ушбу муваффақиятли ким ошди савдолари ташкилотчилари Пол Клемперер ва Кен Бинмор ўзларининг мақолаларида ушбу тажриба ва ундан олинган хулосалар билан бўлишадилар. Уларнинг хулосаларини ўқигач, тўғри дизайн ва жамоат фойдасини максималлаштиришда ким ошди савдоси назариясининг қанчалик аҳамиятли эканини тушуниш мумкин. Бундан ташқари, бизнинг жамиятимиз учун тўғри ва адолатли ким ошди савдоси орқали давлат активларини сотиш Буюк Британиядагидан ҳам муҳимроқдир. Бизда ноҳақ хусусийлаштиришнинг кўплаб ҳолатлари ва хусусий мулкнинг институционал кафолатларининг заифлиги тажрибаси мавжуд.

Шунинг учун, агар ким ошди савдоларимиз пухта ўйланмаган бўлса, биринчи навбатда, ўзини ҳурмат қилувчи ва ҳуқуқий соҳада ишловчи инвесторларни қизиқтирмаслиги мумкин. Бу эса объектни унчалик самарали бўлмаган мулк эгалари қўлга киритишига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, агар жамият хусусийлаштириш адолатли бўлмаган деб ҳисобласа, ҳатто янги мулк эгаси ҳам объектга етарлича маблағ сарфламайди, чунки заиф институтлар билан ҳар доим хусусийлаштиришни бекор қилиш хавфи ва бошқа оқибатлар мавжуд.

Яъни, ким ошди савдосининг дизайни фақат давлатнинг сотишдан тушадиган маблағларини максимал даражада ошириш ёки объектни энг яхши мулк эгасига бериш учун эмас, балки шубҳали шартномаларда иштирок этмайдиган компаниялар ва инвесторларни жалб қилиш учун ҳам муҳимдир.

Албатта, тўғри ким ошди савдоси жамиятни давлат мулкининг янги эгалари уни адолатли қабул қилганлигини кўрсатиб беради, бу охир-оқибат янги мулк эгаларига давлат мулкига ўзини бойитиш учун вақтинчалик объект сифатида эмас, балки узоқ муддатли инвестиция сифатида қабул қилишлари учун яхши рағбат бўлади.

Ушбу мақоладан хулоса шуки, ким ошди савдоси давлат мулкини сотишнинг энг яхши усули бўлсада, тўғри ва нотўғри дизайн ўртасида жуда катта фарқ бор.

Аукционнинг тўғри дизайни харидорларни ҳақиқий нархни «очиш»га мажбур қилиши ва давлат мулкини энг самарали мулк эгасига тақсимланишига ёрдам бериши мумкин.

Ким ошди савдоси политологияси

Яхши ишлаб чиқилган ким ошди савдосининг самарадорли ва адолатли бўлишига қарамай, ушбу бозорнинг аксарият қатнашчилари уларни ёқтирмайдилар. Мамлакатимизда давлат мулкини «гўзаллик танлови» га ўхшайдиган танловда сотиш одат тусига кирган — унда мансабдор шахслар мулкни сотиш ва ўтказиш, унинг эгаси ким бўлиши тўғрисида субъектив тарзда қарор қабул қилишади.

Шунингдек, қуръа ташлаш йўли билан, инвестиция мажбуриятлари ва ҳаттоки иш ўринларини яратиш талаблари асосида ҳам сотувлар оммабоп ҳисобланади. Ушбу усулларнинг барчаси ҳатто энг яхши яхши бўлмаган одатдаги инглиз ким ошди савдосидан ҳам ёмонроқдир.

Хўш, нега бозор иштирокчилари ким ошди савдосини ёқтирмайдилар? Агар биз яхши ким ошди савдосини ўтказа олсак, у ҳолда харидорлар, яъни ким ошди савдоси иштирокчилари учун аукционлар фойдали бўлмайди, чунки улар хусусийлаштиришнинг бошқа усулидагидан кўра кўпроқ пул тўлашлари керак.

Масалан, Швейцариядаги радиочастота харидорлари, Буюк Британияда частоталарни сотиб олганларга қараганда ўзларини анча яхшироқ ҳис қилган бўлишса керак.

Худди шу нарса мулк сотадиган мансабдор шахслар учун ҳам амал қилади: агар мол-мулк яхши ишлаб чиқилган дизайн орқали сотилса, у ҳолда уларда коррупция схемалари учун имкониятлар жуда кам бўлади.

Шу сабабли, давлат мулкини сотадиганлар ҳам, сотиб олувчилар ҳам, афсуски, ким ошди савдосидан воз кечиш ёки «тўғри» ким ошди савдоларидан воз кечиш учун бир хил стимулга эга бўлишлари мумкин.

Одил, ҳалол ва энг муҳими, тўғри ким ошди савдосидан ягона фойда олувчилар бюджет ва солиқ тўловчилардир.

Мақбул ким ошди савдосининг батафсил тавсифи учун сиз Нобел мукофоти эгалари Майерсон, Маскин, Хурвитц ва бу йилги икки нафар Нобел мукофоти совриндори — Милгорм ва Уилсонларнинг (мақола рус тилида) ишларини ўқишингиз мумкин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Беҳзод Ҳошимов — иқтисодчи, Мэдисондаги (АҚШ) Висконсин университети бизнес-мактабининг докторанти. 2016 йил май ойидан буён Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университетининг иқтисодиёт магистри ва Нанянг технологик университетининг (Сингапур) математика бакалаври даражасига эга.