АКТ вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматовнинг 11 декбарь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони — 22,1 миллиондан ошди. Шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони — 19 миллионни ташкил этмоқда.

Мамлакат бўйича аҳоли пунктларининг мобил алоқа билан қамраб олиниши даражаси 97 фоизни, мобил интернет қамрови эса 87 фоизни ташкил этди. Декабрь ойи бошида мактабларнинг 70% ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг 78% интернетга уланган.

Шунингдек, унинг хабар беришича, оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36,1 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 45,0 минг сўмни (4,3 доллар) ташкил этди.

Бугунги кунда халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с ни ташкил этмоқда.

Шерзод Аҳматовнинг маълум қилишича, «Оптик толали алоқа линияларини қуриш» лойиҳаси доирасида режалаштирилган объектларга қадар 19 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 55,6 минг километр га етказилган (йил режаси 10 минг километр).