Наманган, Навоий ва Самарқанд вилоятларида пенсионерлар «Ҳалқ банки» сайёр кассалари томонидан пенсия кеч тўланаётганидан шикоят қилишган. Маълум бўлишича, банк ходимлари тизимда пенсия тўланганини қайд этиб, аслида пулларни ўз эгаларига етказишмаган. Бу ҳақда «Газета.uz»га Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қисқа 1140 рақамли «Ишонч телефони»га Наманган вилояти Уйчи туманидан фуқаро А.Х. 6 ноябрь куни мурожаат қилиб, сентябрь ойи пенсияси берилмаганини айтган.

«Мурожаат ўрганилганда, бир неча фуқароларнинг сентябрь ойи тўлов руйхатига чиқарилгани ва Халк банкининг сайёр кассаси ходими томонидан шу ойда тўланганлик тўғрисида маълумот киритигани, бироқ тўлаб берилмагани аниқланган. Фуқарога пенсия 7 ноябрь куни тўлаб берилиши таъминланди», — дейилади хабарда.

Шу каби ҳолат Навоийда ҳам кузатилди. Вилоятнинг Хатирчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро Г. Б. пенсия графикдан кеч қолаётганини маълум қилган. Мурожаат ўрганилгач, банкнинг сайёр кассаси ходими дастурда тўланди белгисини қўйиб, пенсияни асоссиз равишда тўлаб бермагани аниқланган.

Бундан ташқари, сайёр касса ходимлари томонидан пенсияни ишончномасиз тўлаш ҳолатлари ҳам аниқланган.

Айтилишича, Самарқанд вилояти Тайлоқ туманида яшовчи фуқаро Д.Г. 10 ноябрь куни октябрь ва ноябрь ойлари учун пенсия берилмагани бўйича мурожаат қилган. Ўрганишлар натижасида, шу каби бошқа фуқароларнинг ҳам октябрь ва ноябрь ойларига пенсиялари банкдан чиқарилганига қарамасдан, уларга етиб бормагани аниқланган.

«Халк банкининг сайёр кассаси ходими томонидан амалдаги тартибда зид равишда ишончномасиз фуқаро Г. Т. га тўлаб берилгани аниқланди. Пенсия жамғармасига мурожаат қилганидан кейин фуқаронинг қонуний пенсия тўлаб берилиши таъминланди», — дейилади Пенсия жамғармаси ахборотида.

Жамғарма юқоридаги ҳолатлар бўйича чора кўришни сўраб, Марказий банк ҳамда «Ҳалқ банки» бошқарувига хат юборган. Тўловлар кечикишига йўл қўйган ходимлар ишдан бўшатилган.