Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 ноябрдаги ялпи мажлисида қуйи палата спикери ўринбосари Алишер Қодиров мактабларнинг катта қисмида ошхоналар йўқлиги, борлари ҳам талабга жавоб бермаслиги ҳақида гапирди.

Қодировнинг таъкидлашича, 2020 йилги давлат бюджетида мактабларда қурилиш ва капитал таъмирлаш масалалари бўйича 1,5 трлнга яқин маблағ ажратилган.

«Лекин, бугун уч мингдан ортиқ мактабларда ошхонанинг ўзи йўқ, 7100 та мактабда агар ошхона бўлса, буларнинг ҳам 60 фоизга яқини талаб даражасида эмас», — дея қайд этди.

Спикер ўринбосари бу масалага масъулият билан эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

«Агар биз мактабда фарзандларимизни энг физиологик-депрессив ҳолатини юзага келишини ҳисобга оладиган бўлсак, мактабларда жиноятларнинг ёшариб кетаётгани, ўқитувчиларга бўлган болаларни муносабати кескинлашиши, афсус билан тан олиб айтишимиз керак, мактабга жиноятни кириб келгани бу албатта овқатланиш билан боғлиқ масала», — деди Қодиров.

У хаттоки қўшни давлатларда мактабларга овқатланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.

«Россия, қўшни давлатларда мактабларда бепул овқатланиш масаласини қўйишди. Лекин биз, афсуски ошхоналар ҳақида гаплашаяпмиз. Шу сабабли биз мактабларни фақатгина қуриш-таъмирлаш ишларини эмас, мана шу жараёнда албатта, барча мактабларни 100 фоиз ошхона билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини, учинчи уйғониш даврини остонаси ҳисобланган мактабларда муваффақиятга эришишнинг гарови сифатида кўрилишини ва келгуси бюджетларда ҳисобга олинишини илтимос қилган бўлар эдик», — деди қуйи палата спикери ўринбосари.

Бундан ташқари, у иқтисодиётнинг ривожланиши учун асосий драйверлардан бири ҳисобланмиш хизматлар тармоғининг ЯИМдаги улуши 36 фоиздан бироз юқори экани мақсадга мувофиқ эмаслигини қайд этди. Бу хизмат турининг ЯИМдаги улуши Қозоғистон ва Туркияда 55 фоиздан, Россияда 62 фоиз атрофида экани айтилди. Бу йўналишни ривожлантириш учун ишбилармонларга қулайликлар яратиб бериш лозимлиги таъкидланди.