Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев 11 ноябрь куни бош вазирнинг ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров номига дон етиштириш харажатларини молиялаштиришда Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маблағ ажратиш ва сарфлашнинг қонунийлигини текшириш тўғрисида сўров юборди. Унда бош прокуратура Давлат молиявий назорати департаменти аниқлаган дон экинларини етиштириш харажатларини молиялаштиришда қонунбузарликлар тўғрисидаги ҳужжатларни текшираётгани қайд этилган. Мазкур хат нусхаси «Газета.uz»да ҳам мавжуд.

Хатда келтирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги [149-сонли] қарори билан тижорат банклари томонидан туман ҳокимлари томонидан тасдиқланган ҳисоб-китоблар ҳамда агротехник тадбирлар муддатига мувофиқ бошоқли дон экинларини етиштириш учун буюртмалар бир йилда бир маротаба, 1 сентябрга қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига тақдим этилиши белгиланган.

Бироқ, ғалла ҳосилини молиялаштириш якунланишига қарамасдан, жорий йилнинг 25 май куни АТБ «Агробанк» томонидан Бўка туманидаги «Мелек дон агро» МЖЧ учун 16,3 млрд сўм ресурс маблағи ажратиш ҳақида жамғармага буюртма тақдим қилинган. 26 май куни жамғармадан 16,3 млрд сўм маблағлар ажратилган.

Хатда қайд этилишича, АТБ «Агробанк» Бўка филиали бошқарувчиси А.Қурбанов ва «Мелек дон агро» МЧЖ раҳбари М.Исмоилов ўртасида тузилган кредит шартномасига асосан 16,3 млрд сўм ресурс маблағлари ғалла ҳосилини етиштириш учун йўналтирилмасдан, ноқонуний равишда жамиятнинг айланма маблағини тўлдириш учун бериб юборилган.

Оқибатда мазкур маблағларнинг 9,277 млрд сўми Бўка туман ҳокими томонидан тақдим қилинган буюртмада кўрсатилмаган харажатларга, хусусан, 4,477 млрд сўми — ғалла ташиш транспорт хизмати харажатлари учун, 600 млн сўми — минерал ўғит учун, 200 млн сўми — сув насоси ўрнатиш учун йўналтирилиб, мақсадсиз сарфлаб юборилган, дея келтирилган хатда.

Бош прокурор маълумотига кўра, бугунги кунга келиб, ажратилган 16,3 млрд сўм кредитнинг 11,3 млрд сўми қайтарилмаган.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман ҳокимининг 2019 йил 31 октябрдаги буюртмасига кўра, «Бек агро экспорт» МЖЧга 45 та фермер хўжаликларининг 2147 гектар майдонида фьючерс шартномалари асосида ғалла ҳосилини етиштириш харажатлари учун 7,3 млрд сўм ресурс маблағлари тўлиқ ажратилган. Шунга қарамасдан, АТБ «Агробанк» томонидан 16 апрель куни ҳеч бир асословчи ҳужжатларсиз «Бек агро экспорт» МЧЖ учун қўшимча яна 4 млрд сўм ресурс маблағи ажратгани, хатда маълум қилинган.

Қайд этилишича, «Агробанк» Қумқўрғон филиали бошқарувчиси С.Тўрақулов ва «Бек агро экспорт» МЖЧ раҳбари Э.Эргашев ғалла ҳосилини етиштириш учун сарфланмасдан жамиятнинг айланма маблағини тўлдириш учун йўналтиришган. Маблағдан 130 млн сўми — минерал ўғит учун, 1 млрд сўми — уруғлик буғдойга, 243,6 млн сўми — лизинг тўловлари учун, 31,2 млн сўми — кимёвий воситалар олиш учун, 54 млн сўми — иш ҳақи учун, 20 млн сўми — ҳомийлик учун, 8,9 млн сўми — суғурта тўлови учун ҳамда 2,5 млрд сўми — жамият раҳбарининг ўзига тегишли «Бек кўмак»га кўрсатиладиган техника хизматлари учун йўналтирилиб, мақсадсиз сарфлаб юборилган.

Хатда келтирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан ишга алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинганда, Молия вазирининг ўринбосари А.Эргашев жамғарма ва «Агробанк» бошқарувига босим ўтказиб, ўзининг укаси Э.Эргашев раҳбарлигидаги «Бек агро экспорт»га 4 млрд сўм ҳамда М.Исмоилов раҳбарлигидаги «Мелек дон агро»га 16,3 млрд сўм маблағларни жамғармадан ажратиш ҳақида топшириқ бергани, шу сабабли уларга ресурс ажратишга мажбур бўлишганини баён қилишган.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, жамғарма маблағларининг ажратилиши ва сарфланиши қонунийлиги ҳамда Молия вазирлиги мансабдор шахсларининг ушбу ишга алоқадорлиги юзасидан текширув ўтказилишини ташкил қилиб, текшириш хулосасини жорий йилнинг 16 ноябрь кунига қадар тақдим қилишни сўраган.

Жамшид Қўчқоров 16 ноябрь куни масъул вазирликлар, жамғарма ҳамда «Агробанк"ка вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва хулоса бериш бўйича топшириқ берган.

Молия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га текширув ўтказилаётгани ҳақидаги хабар ҳақиқийлигини тасдиқлади ва қонунда белгиланган тарзда текширишлар ўтказилишини, хулосани эса Бош прокуратура беришини қайд этди.