«Ўзавтосаноат» тизимидаги автотранспорт ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун белгиланган йиғимлар ҳозиргача тўланмаган. Бу ҳақда 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосасида маълум қилинди.

Ҳисоб палатасининг таъкидлашича, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши қайд этилган. «Ўзавтосаноат» маълум қилишича, ушбу 3 фоизлик йиғим автомашиналар нархига киритилган, натижада харидорлар автомашинани сотиб олганда ушбу йиғимни тўлашади.

Ҳисоб палатасининг маълум қилишича, «Ўзавтосаноат» тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида ушбу йиғим тўланмасдан келинмоқда.

«Маълумот учун: UzAuto Motors АЖ томонидан 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 582,6 миллиард сўм йиғим тўланмаган», — дейилади ҳисоботда.

Шу боис Ҳисоб палатаси «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларни йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган.