Бош прокуратурада коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, йиғилишда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев икки йил ичида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлиги учун 31 нафар солиқ ходими жиноий жавобгарликка тортилганини таъкидлаган.

Масалан, Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Т. пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22 та сохта фирмаларни очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган.

«Ушбу фирмаларда 268 млрд. сўмлик ноқонуний пул айланмалари амалга оширилиб, 19 млрд. сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган, шунингдек жиноий йўл билан топилган 200 млн. сўм легаллаштирилган. Ҳозирда Турғунбоев ва унинг 14 нафар жиноий шериклари судда жавоб бермоқда», — деди бош прокурор.

Ниғматилла Йўлдошев қурилиш соҳасидаги коррупция ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, сўнгги икки йилда 1233 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик — коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўплаб кузатилмоқда.

Мисол учун, Навбаҳор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Х. «Конимех балиқчи» жамияти раҳбари А.дан балиқчилик ҳавзасига коллектор қазилишига рухсат бериши эвазига 11 минг доллар олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.