Давлат статистика қўмитаси сўнгги йиллар давомида илк бор, яъни Ўзбекистонда январь-сентябрь ойларида кузатилган ўлим ҳолатлари статистикасини демографик ҳолат тўғрисидаги чораклик ҳисоботига киритмади.

Давлат статистика қўмитасининг шу каби ҳисоботларида биринчи чорак (январь-март) ва биринчи ярим йилликда (январь-июнь) кузатилган ўлим ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган. Ўлим ҳолатлари статистикаси ундан олдинги ҳисоботларда ҳам мавжуд.

Қўмитанинг «Газета.uz»га хабар беришича, ўлим ҳолатлари статистикасини шакллантириш учун масъул бўлган Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларни Давлат статистика қўмитасига тақдим этмаган. Шу ўринда, Адлия вазирлиги эса Давлат статистика қўмитасида барча маълумотлар мавжудлигини айтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровга жавоб бермади.

«Газета.uz»нинг Давлат статистика қўмитасидаги манбаси ойлик ўлим ҳолатлари статистикаси ҳар кейинги ойнинг илк 15 куни ичида тузилишини айтди. Масалан, сентябрь ойи статистикаси 15 октябргача, октябрь учун эса 15 ноябргача тайёр бўлиши керак. «Газета.uz»нинг август ва сентябрь ойларидаги ўлим кўрсаткичлари тўғрисидаги бир нечта сўровларига жавобан қўмита масъул вазирликларнинг ҳали ҳам маълумот юбормаганликлари ҳақида хабар қилди.

Аввалроқ «Газета.uz» Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотларга асосланиб, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабабли ўлганлар сони июль ойида 26,4 фоизга, Тошкент шаҳрида эса 2,6 мартага ошганини ҳисоблаб чиққанди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлимнинг кўпайиши сабаблари тўғрисида таҳририятнинг сўровига ҳеч қандай жавоб бермади.