Ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors автоуловларини олиб кетаётган автранспорт тиркамаси иштирокидаги ЙТҲ акс этган фотосуратлар тарқалди. «Ўзавтосаноат» матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришига кўра, автоҳалокат 24 октябрь куни Бухоро вилоятининг Газли шаҳри яқинидаги А-380 автомагистралида содир бўлган.

Қайд этилишича, икки ҳайдовчи бошқарган MAN автотранспорт тиркамаси Урганч шаҳридаги дилерлик марказига UzAuto Motors автоуловларини (5 та Cobalt ва 3 та Nexia) олиб кетаётган вақтида КАМАЗ билан тўқнашган.

Суриштирув жараёнида КАМАЗ ҳайдовчиси рулда ухлаб қолган пайтда бошқарувни йўқотиб қўйган, натижада ҳар икки транспорт воситасига ҳам, тиркамада олиб кетилаётган автоуловларга ҳам жиддий зарар етказилган. Шуни таъкидлаш керакки, содир бўлган воқеа натижасида ҳеч ким жабрланмаган, — дейилади хабарда.

Суратларда КАМАЗнинг қум олиб кетаётганлигини кўриш мумкин.

Бухоро вилояти Ромитан тумани ЙҲХ инспекцияси мутахассислар иштирокида воқеа юзасидан дастлабки тергов ишларини олиб бормоқда.

Фото: Telegram.

Фото: Эхо Узбекистана / Telegram.