«Ўзбеккўмир» акциядорлик компанияси бюджет ташкилотларига кўмир етказиб бериш режасини муддатидан олдин бажарди. Бу ҳақда «Газета.uz»га компания матбуот хизмати хабар берди.

26 октябрь ҳолатига кўра бюджет соҳалари эҳтиёжлари учун 405 минг 400 тонна қаттиқ ёқилғи етказиб берилди — компания ушбу миқдордаги кўмирни 1 ноябргача етказиб бериши режалаштирилган эди.

2020 йил давомида бюджет ташкилотларини кўмир билан таъминлаш ҳажми 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 18,3 фоизга ошган.

Кўмирнинг катта қисми Андижон ва Фарғона вилоятлари учун зарур бўлган. Компания вилоятлар бўйича етказиб берилган кўмир ҳажми ҳақида маълумот беришни рад этди.

Кўмир таъминотининг кўпайиши табиий газ қазиб олиниши пасайиши оқибатида содир бўлмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йилнинг ўтган тўққиз ойида газ қазиб чиқариш деярли 20 фоизга камайди, яъни 44,8 млрддан 36 млрд кубометргача. Газ конденсати эса 35 фоизга ёки 1,5 млн тоннадан 1 млн тоннагача, кўмир — 3% га, яъни 2,7 млндан 2,6 млн тоннагача камайган.

Бундан ташқари, агар 2019 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон табиий газ экспортидан 2 млрд доллардан ортиқ даромад олган бўлса, бу йил у 5,5 баравар кам ёки 366,3 млн долларни ташкил этади. Бунга сабаб, коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган газни Хитойга экспорт қилиш бир неча баравар камайди, Россияга эса бутунлай тўхтади.

«Ҳудудгазтаъминот» корхонаси вакили Абдусаттор Қаюмов аввалроқ янги қурилаётган кўп қаватли уйларда марказлаштирилган иситиш тизими ўрнига маҳаллий иситиш тизими ўрнатилаётгани, бу эса кўп газ сарфланаётганишига олиб келиб, газ экспортининг камайиши ички бозорга газ етказиб беришни кўпайтиришга ёрдам бермаётгани ҳақида хабар берган эди.

Шунга қарамай, президент Шавкат Мирзиёев йил охирига қадар табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ички бозорга қўшимча равишда етказиб беришни таъминлаш бўйича кўрсатма берди. Талабнинг камлиги сабабли Ўзбекистондаги лойиҳалари орқали Хитойга газ экспортини тўхтатган «Лукойл» компанияси газни ички бозорга йўналтириши кутилмоқда.