Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, иқтисодиётда юқори қўшилган қийматни таъминловчи қайта ишлаш саноатида 9 ойда қарийб 3 фоиз ўсиш қайд этилди. Хусусан, электр техникаси ишлаб чиқариш 25 фоиз, тўқимачилик маҳсулотлари 12 фоиз, металл рудалари қазиш 7 фоиз ва қурилиш материаллари 6 фоизга ўсган.

Шунингдек, автомобиллар 1,5 баравар, электр техникаси маҳсулотлари 1,3 баробар, тўқимачилик товарлари 16 фоиз, мис сим 15 фоиз кўп экспорт қилинди.

Натижада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 0,4 фоиз ижобий даражада сақлаб қолинди ва бюджет даромади 1,9 триллион сўм ортиғи билан бажарилишига эришилди. Президентнинг сўзларига кўра, «бу пешона теримиз билан қилган меҳнатимизнинг натижаси». «Ҳозирги дунё ҳамжамиятида анча-мунча давлат бунга эришмаган. Энг катта масала — биз ўзимизни режаларимизни бажардик», — деди президент.

Шу билан бир қаторда, айрим тармоқ ва ҳудудларда ишлаб чиқаришда қолоқликка йўл қўйилгани оқибатида саноат маҳсулотлари бўйича умумий кўрсаткич 2,7 фоизга камайган. Орқада қолаётган корхоналар фаолияти танқид қилинди, уларнинг раҳбарлари эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги масаласи кўриб чиқилди, дея хабар берди матбуот хизмати.

«Лекин мана шундай оғир шароитда, оғир йилда одамларни иш билан таъминлаш, ЯИМнинг режалаштирилган кўрсаткичларига етишмаган тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ишдан олиниб, жиноий жавобгарликка тортилади. Ҳамма шароитлар яратиб берилди. Шундай имкониятлардан фойдаланмаган раҳбарлар қандай ишлаши мумкин? Ҳозирги сиёсатга ҳиёнат қиляпти. Ҳозирги оғир шароитимизни тушунмаётган одамлар, дунёқараши ўзгармаган, ватанпарварлиги йўқ, фақат ўзини ўйлайди. Коррупция билан олдинги тизим кўпларга маъқул. Бўлмайди у тизим бошқа», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев давлат корхоналари билан Ўзбекистон кўзланган мақсадларга эриша олмаслигини таъкидлади.

«Давлат корхоналари қолмайди. Давлат корхонаси қолдими, демак биз кўзланган марраларга ета олмаймиз. Рақобатбардош маҳсулотлар бўлмайди. Биз тизим, тартиб, темир интизомга келишиб олгандик биз. Биринчи кунданоқ коррупцияга қарши курашамиз деб келишиб олдик. Лекин ҳали кўп раҳбарлар бунга эътибор қилмаяпти, бунга муносиб бўлиб ишлай олмаяпти», — дея таъкидлади у.

Президент, шунингдек, раҳбарлар муаммони ҳал қилиш учун уни тўғри аниқлай олишлари зарурлигини таъкидладилар.

«Бугунги муҳокама бўйича нима чоралар кўрилади, нима тўсиқ, нима муаммо бор. Муаммони ўзини тўғри қўйиш ҳам 50% муваффақият. Ким муаммони қўя олмайди — бефарқ одам. Таннарх, инновация керак, билим керак. Бизда жуда катта имкониятлар бор. Кўпроқ олимлар билан муҳокама қилиб, ёшларни, олийгоҳларни ичига кириб, кафедраларда филиалларни тузган раҳбарни келажаги бор. Қандай оғир бўлмасин, рақобат муҳитини яратмасак, бугун муваффақият қиламиз, аммо эртага ютқазамиз», — деди давлат раҳбари.

Худди шу йиғилишда, Шавкат Мирзиёев йил охирига қадар табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ички бозорни қўшимча етказиб беришни таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.