Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Сирдарёда олти ой давомида саккизта ҳудуд бўйича истеъмолчилардан 1,2 млрд сўм маблағ асоссиз олинганини аниқлади, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Факт 24» дастури.

Таъкидланишича, агентликка аҳолидан маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаат асосида «Тоза ҳудуд» корхонаси фаолияти ўрганилди. Таҳлиллар натижасига кўра, Сирдарё вилоятида ҳар бир киши учун бир кунда 700 грамм маиший чиқиндини олиб чиқиб кетиш меъёри белгиланган бўлса-да, «Тоза ҳудуд» корхонаси томонидан жорий йил январь ойидан июнь ойига қадар тасдиқланган график жадвалга асосан 560 грамм ҳисобида чиқиндилар олиб чиқиб кетилган.

Содда қилиб айтганда, ҳар бир оила аъзосидан 2800 сўм тўлов эвазига меъёрдаги 21 кг ўрнига 17 кг дан маиший чиқинди олиб чиқиб кетилган. Тафовутлар қайта ҳисоб-китоб қилинганида, олти ой давомида саккизта ҳудуд бўйича 1,2 млрд сўмдан зиёд маблағ асоссиз олингани маълум бўлди.

«Ушбу олинган асоссиз даромад бўйича махсус комиссиянинг мажбурий бўлган кўрсатмаси берилди. Ҳозирги кунда ушбу асоссиз олинган даромад 358749 нафар истеъмолчи билан қайта ҳисоб-китоб қилинди ва уларнинг манфаати тикланди», — дея маълум қилди Монополияга қарши курашиш қўмитаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси бош юрисконсульти Акром Орипов.

Қайта ҳисоб-китоблардан сўнг баъзи ҳудудларда ҳафтасига бир марта эмас, балки икки-уч мартадан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш белгиланди, дейилади дастурда.