«Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди.

Ушбу фармонга биноан, 2025 йилгача давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш ҳамда 2030 йилгача мактабларда ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш режалаштирилган.

Шу билан бир қаторда, ОТМда ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилгача 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказилади ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида «Ўзбекистон миллий қомуси» жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтирилади.

Бундан ташқари, 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш ҳамда телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастури яратилади.

2030 йилгача хорижий ОТМда ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини 17 тадан 60 тагача кўпайтирилади.
2021 йил 1 апрелдан раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.

Ўзбек тилидаги мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун ўқув луғатлари яратилади.
Шунингдек, ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастури яратилади.