Хамдамов Қобил Муроткулович Oлмалиқ шаҳрига ҳоким этиб тайинланди, дея хабар берди Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати. Тайинлов халқ депутатлари Oлмалиқ шаҳар кенгашининг олтинчи чақириқ навбатдан ташқари XIV сессияда эълон қилинди.

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов Омалиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда йўл қўйилган хато-камчиликларга тўхталиб, раҳбар одам ўз шахсий ҳаётига ҳам эътиборли бўлиши, оиласига вақт ажратиши, фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланиши лозимлигини таъкидлаган.

«Бугунги кунда муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда очиқлик сиёсати жорий этилган. Ҳаммамиз жамоатчиликнинг қатъий назоратидамиз. Шунингдек, ишлайман деган одамга барча шароит яратиб берилган. Машина, яхшигина ойлик маош берилади. Хабарингиз бор, яқинда Олмалиқ шаҳри ҳокими билан боғлиқ ҳолат интернетда тарқалди. Замон тезкор. Ҳар қандай воқелик тез тарқалаяпти. Агар у ёмон, нохуш бўлса, эшитиб ич-ичингдан эзиласан киши…» — деди Рустам Холматов.

Вилоят ҳокими раҳбарга кўп нарса боғлиқлигини ҳаёт ҳақиқати тасдиқлаши, ҳоким шу ҳудуднинг отаси эканини таъкидлади.

«Мен Усмон Раҳимовнинг ҳокимлик фаолияти мутлақо қониқарсиз, у ишламади, демоқчи эмасман. Бу ўринда гап раҳбарнинг ҳар жиҳатдан эл-юртга ўрнак бўла олиши ҳақида кетаяпти. Бинобарин, донишманд халқимиз раҳбарнинг, унинг оиласининг камтарлик фазилатига қараб баҳо беради» — деди у.

Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими Олмалиқ шаҳар ҳокими лавозимига Ҳамдамов Қобил Муротқулович номзодини тавсия этди.

Қобил Хамдамов мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келган.

Маълумот ўрнида, Усмон Раҳимов 2019 йил август ойидан бери Олмалиқ шаҳри ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётганди. Сўнгги вақтларда эса унинг ўғли Дилшод Раҳимов йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузгани акс этган видеоларини TikTok ва Instagram саҳифаларини жойлаштириб боргани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.