Навоий ва Қашқадарё вилоятларида туман ва шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиларига хизмат машиналари топширилди.

Навоий вилоятида жами 10 та туман ва шаҳарларнинг ҳоким маслаҳатчиларига 10 та Nexia R3 машиналари топширилган. Навоий вилояти ҳокимлигининг «Газета.uz»га хабар беришича, президент топшириғига биноан барча вилоятларда ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиларига хизмат машиналари топширилади.


Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

12 октябрь куни Қашқадарё вилоятида ҳам туман ва шаҳар ҳокими маслаҳатчиларига «Nexia-3» ва вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Комила Каромовага «Tracker» автомашиналари топширилди.

«Маслаҳатчилар учун ҳокимлик биноларида замонавий хизмат хоналари, қўшимча ёрдамчи ходим ва фаолияти учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилгани, айниқса, ўринбосар мақомида иш олиб бориши хотин-қизларимиз муаммоларига ўз вақтида ечим топишга замин яратади, деб ўйлайман», — дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.


Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати