Россия Федерацияси ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларининг ёрдамга муҳтож яна бир гуруҳи октябрь ойининг бошида мамлакатга қайтарилади, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлигининг Оператив штаби ахборот хизмати.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонасига Абхазия ҳудудида бўлиб турган 400 га яқин фуқароларнинг Ўзбекистонга қайтишда кўмак бериш тўғрисидаги мурожаатлари келиб тушган.

Муаммони ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси Россия томонига фуқароларни уйларига қайтариш учун уларнинг Россия чегарасини кесиб ўтишларига рухсат олиш юзасидан яна бир бор тегишли мурожаат юборган.

Ёрдамга муҳтожлардан (аёллар, ҳомиладолар, қариялар ва болалар) иборат Ўзбекистон фуқароларининг биринчи гуруҳини октябрь ойи бошларида Ўзбекистонга қайтариш режалаштирилган.

«Қолган фуқаролар Россия томонидан Давлат чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилгандан кейин Ўзбекистонга қайтарилади», — дейилади Оператив штаб хабарида.

Маълумот учун, сентябрь ойининг ўрталарида Абхазияда коронавирус пандемияси сабабли қийин аҳволга тушиб қолган 100 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси мамлакатнинг Россиядаги элчихонасидан ватанга қайтиш учун ёрдам сўраган эди. Улар ўз мурожаатларида Абхазияда Ўзбекистон элчихонасининг йўқлиги, Россия чегарасидан ўтишда муаммолар бўлаётганини айтишган эди.