АҚШ президентлигига номзодлар республикачи Дональд Трамп ва унинг рақиби демократ Жо Байден 29 сентябрь куни биринчи теледебатни ўтказишди. Жонли трансляция Кливленддан олиб борилди, дея хабар берди РИА Новости. Мунозаралар муросасизлик муҳитида ўтди, томонлар мунтазам равишда бир-бирларига гап бермасдан, парламент одобига тўғри келмайдиган ибораларни ишлатишди.

Дебатларнинг асосий мавзулари Олий суд, COVID-19нинг авж олиши, иқтисодиёт, ирқчилик ва сайлов натижаларининг ишончлилиги ҳақида эди.

Жо Байден сайловга қадар янги Олий суд судьясининг тайинланишини кутишга чақирди, Дональ Трамп эса модомики бўлиб ўтган парламент ва Сенат сайловларида республикачилар ғолиб чиққан экан, буни қилмасликка ҳаққи борлигини маълум қилди.

Байден Трампни коронавирус эпидемияси олдида «ваҳима» солганликда ва Оқ уй раҳбарининг ҳанузгача COVID-19 га қарши кураш режаси йўқлигида айблади. Трамп эса Байден даврида 200 минг эмас, балки 2 миллион америкалик ушбу касалликдан вафот этган бўлар эди, деган гапни айтди.

Демократлар партияси номзоди мамлакатда етти миллион иш ўрни яратишга ва иқтисодий ўсишда яна триллион доллар даромадга эришишга ваъда берди. Бунга жавобан Трамп унинг қўл остида мамлакат иқтисодиёти «тарихдаги энг юқори даражада» бўлганини, аммо коронавирус унга зарар етказганини айтди.

Жо Байден, шунингдек, Дональд Трампни ирқчиликда айблади, амалдаги президент эса Байденни зўравонликда айблаш билан жавоб қайтарди. Трамп унинг рақибини радикал чап томон «чув тушириши»ни айтди ва у эса уни ўта ўнг томондагиларга ён босаётганликда айблади.

Байден Трампни солиқ тўламаганликда айблади, амалдаги президент эса ўзининг «миллионлаб» доллар даромад солиғи тўлаганлигини таъкидлади ва келгусида ўзининг солиқ декларациясини тақдим этишга ваъда берди.

Дональд Трамп тарафдорларини сайлов куни сайлов участкаларига ташриф буюриб, қонун бузилиш ҳолатларини «диққат билан кузатишга» чақирди. Унинг сўзларига кўра, «ҳалокатли» почта орқали овоз бериш туфайли натижалар бир неча ой давомида маълум бўлмаслиги мумкин. Жо Байден ўзининг иродасига ишонишга чақирди ва натижалар тасдиқланмагунча ўзини сайловда ғолиб деб эълон қилмасликка ваъда берди.

CNN нинг дебатларни томоша қилиш бўйича ўтказган тезкор сўровномаларига кўра, 60% кузатувчи Байденни ғолиб, 28% эса Трампни ғолиб деб топди.

The New York Times дебатларни «номақбул қўл жанги» деб атади ва унда номзодларни «бир-бирларига нисбатан нафратларини Америка сиёсатида мисли кўрилмаган даражада кўрсатишди» дея таъкидлади. CNN таҳлилчиси Крис Силлицца ушбу дебатларни «жуда даҳшатли» дея таърифлади — «икки номзод, агар уларга АҚШ президенти сифатида тўрт йил берилса, нима қилишлари ҳақида жамоатчиликка мутлақо ҳеч қандай маълумот бера олмади», деди. «Дебатлар дунёдаги энг қудратли амалга даъвогарлик қилаётган бу икки кишининг бир-бирларига бўлган нафратларини кўрсатди», дея ёзди Bloomberg.

Номзодларнинг кейинги баҳслари 15 октябрь куни Маямида, кейин 22 октябрда Нэшвиллда бўлиб ўтади. Вице-президентликка номзод бўлган Майк Пенс ва Камала Харис ҳам бир раунд дебатлар ўтказишади. АҚШда президент сайловлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтади.