«Ипак йўли» халқаро туризм университети январь ойида ОТМнинг интернационализация ва стратегик ривожланиш ишлари бўйича биринчи проректори Акбаров Азамат Анваровичнинг дипломи сохталиги юзасидан берилган мақолаларга раддия берди.

Университет матбуот хизматининг қайд этишича, Азамат Акбаров дипломи сохта бўлгани учун эмас, балки ўз хоҳишига кўра билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

«Ваколатли органлар томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу айблов ўз исботини топмаган ва бугунги кунда жиноят иши тугатилган», — дейилади раддияда.

Ўз навбатида, 13 январь куни бўлиб ўтган Ёшлар пресс-клуби сессиясида Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев kun.uz мухбирига ушбу хабарларни тасдиқлаганэди.

«Бу масала ОАК томонидан ўрганилган. Ҳақиқатдан ҳам, Азамат Акбаров олган хорижий фалсафа доктори (PhD) илмий даража диплом нотўғри олингани ёки сохта эканлиги изоҳлаб берилди», — деган эди Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси раҳбари.

Улуғбек Тошкенбоев Азамат Акбаров Сараево шаҳрида (Босния ва Герцеговина) жойлашган BURCH халқаро университетидаги профессорлик фаолияти давомида Россия томонидан берилган диплом асосида фаолият юритгани, Ўзбекистонда эса BURCH халқаро университетида берилган диплом асосида ишга қабул қилинганини таъкидлаган.

«Аммо, маълум бўлдики, Босния ва Герцеговина давлати университети дипломи сохта бўлиб чиқди ва шунинг оқибатида у лавозимидан озод қилинди», — деган у.

Туризм халқаро университетида Азамат Акбаров бошчилигида амалга оширилган ишлар

Азамат Акбаров «Ипак йўли» туризм халқаро университетида фаолият юритган даврда ушбу университетнинг фаолиятини халқаро талабларга мос равишда ташкил этиш, унинг нуфузини янада оширишга қаратилган бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган, дейилади университет раддиясида.

Жумладан:

  • университет таълим тизими ЭКТС — кредит тизимига ўтказилди;
  • таълим дастури фанлари бўйича силлабуслар ИСО9001−2015 халқаро таълим стандартига мослаштирилди;
  • университетда 5 кунлик таълим ҳафтаси, ҳамда унга мувофиқ 2+1 таълим тизимини жорий қилинди;
  • университет фаолиятида талабалар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, университет қошида «Студентс Парлиамент»ни ташкил этилди;
  • университет томонидан тайёрланаётган мутахассисларга нисбатан талабларни тўғри шакллантириш мақсадида университет қошида «Иш берувчилар кенгаши» ташкиллаштирилди;
  • академик семестр давомида талабалар эътиборига бештагача фан тақдим этилиб, танлов фанлар сифатида талабаларнинг энг кўп миқдори томонидан белгиланган фанлар сараланиши белгиланди;
  • университет таълим тизимида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг меҳнат фаолияти КПИ эффективлик кўрсаткичи бўйича баҳоланиши таъминланди;
  • университет ходимларининг илмий мақола ва материалларнинг Скопус, Веб оф Ссиенсе каби рефератив-библиографик маълумотлар базасида киритилган журналларда нашр этиш учун рағбатлантириш тизими яратилди;
  • талабалар томонидан хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини ошириш мақсадида, ўқиш-ёзиш-тинглаш-гапириш йўналишларида амалий кўникмаларни ўргатиш бўйича хорижий мутахассислар жалб этиш тизими шакллантирилди;
  • инглиз, рус ва хитой тилларини пухта ўзлаштириш учун университет бинолари ичида жонли нутқ ҳудудлари ва тил-маданият-тамаддун кўнгилли тўгарак ва жамиятларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланган.

Шогирдлар эътирофи

Азамат Акбаров Ўзбекистон таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида долзарб мақолалари, таклиф ва мулоҳалари, интервьюлари билан қисқа фурсат ичида ном қозонди. Бироқ ўзбек жамияти ёш ва шижоатли олимимизни энг кеч бўлиб таниди ва жуда тез бой берди. Қуйида олимнинг шогирдларининг Азамат Акбаров ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Янги Ўзбекистон учинчи Уйғониш даври бўсағасида турган ҳозирги даврда, қолаверса, олдимизга мактаблар ва олий ўқув юртларини янгидан тиклаш, тараққиётга эришиш ва ўқитувчилар ҳамда педагоглар обрў-нуфузини ошириш вазифаси қўйилган айни пайтда таълим тўғрисида янги Қонун эълон қилинди — илм-фаннинг янги даҳолари даври келди. Таниқли ҳамюртимиз Азамат Акбаровни сизларга таништириш учун менга ижозат бергайсизлар. Бу инсон орзу ортидан кетган, орзусига қаттиқ ишонган ва уни рўёбга чиқаришга эришган инсондир.

Катта сабр-бардошлилиги ва меҳнатсеварлиги туфайли теран билимга эришди: Самарқанд чет тиллар институтидан сўнг таҳсилни давом эттирди, кейинчалик Европанинг Швеция, Босния, Англия каби давлатлари, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ва яна бир қанча мамлакатларда меҳнат қилди, изланди. Хориж университетларида у етакчи мутахассис, кафедра мудири, декан ва проректор лавозимларида ишлади. Бугунга келиб, олтита хорижий тилда бемалол сўзлаша олади. Жами 27 та илмий китоб муаллифи, бугунги кунда амалий лингвистика ва педагогика соҳасида гугл-сколарз цитаталар келтириш: бу дегани ўз илмий тадқиқотларида ҳамкасб олимларнинг 400 га яқин ҳавола-иқтибослари бўйича Ўзбекистонда етакчилик қилади.

Олий таълим соҳасида 20 йиллик иш тажрибасига эга бўлган ватандошимиз ўз соҳаси бўйича халқаро илмий ҳамжамиятда энг юксак обрў ва эътирофга эришди: нуфузли ассоциациялар аъзоси, 10 дан зиёд ҳар йилги кенг кўламли халқаро илмий конференцияларнинг таклиф қилинган спикери ва модератори саналади. 60 мамлакатдаги халқаро анжэуманлар ва семинарларда 160 та маъруза ўқиган. 44 нафар магистр ва 11 нафар докторантлар унинг раҳбарлиги остида илмий ишларини ҳимоя қилганлар. Лингвистика, социолингвистика, педагогика, хорижий тилларни ўрганиш, методология бўйича 20 та мамлакатнинг машҳур журналларида 200 га якин мақолалари эълон қилинган.

Шу билан бирга, дунё лингвистлари орасида Азамат Акбаров таниқли хорижий илмий нашрнинг бош муҳаррири, АҚШ, Корея Республикаси, Руминия, Туркия, Польша, Босния, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда нашр қилинадиган яна саккизта инглиззабон журналлар таҳририят ҳайъатининг аъзоси сифатида маълум ва машҳур. Биз ҳақли равишда Ўзбекистон ҳамда беҳад истеъдодли ва иқтидорли ўзбек халқини дунёга танитган бу ватандошимиз, унинг юксак илмий ва педагогик ютуқлари билан фахрланамиз.
Миллий таълим, фундаментал фанни жаҳон даражасига қадар равнақ топтириш учун ўзи тўплаган билим ва тажрибасини инсонларга, Ватанига, «Ипак йўли» Халқаро туризм университетига етказиш мақсадида Азамат Акбаровнинг юртимизга қайтганлиги чексиз ҳурмат-эътиборга муносиб.

Бугунги кунда Ўзбекистонга катта ҳурмат ва муҳаббат ила экилган илм-фаннинг бебаҳо билим уруғлари эртага дунёнинг аксарият мамлакатларида даромади нефть ва олтин қазиб олишдан ҳам ортиб кетаётган стратегик муҳим тармоқ — туризмни рекорд даражада ривожлантириш тимсолида фойда келтиришига қатъий ишонамиз.

Буюк Конфуций ўз даврида минг чақирим сари йўл биринчи қадамдан бошланади деган эди. Сабрли инсон барглардан ипак, пушти гулбарглардан бол яратишга қодир, дея қайд этган эди Алишер Навоий.
Биз, сиз азиз ўқитувчилар ва олимлар билан фахрланамиз ҳамда сизларга ишонамиз.