Яна бир араб давлати Исроил билан битим тузишга тайёрланмоқда

Судан Исроил билан ярашишга тайёрланмоқда, мамлакат ҳукумати келишув шартларини эълон қилди. Хусусан, мусулмон давлати терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқарилиш истагини билдирди. Хартум Вашингтон билан музокаралар олиб борди ва AҚШ Суданни эълон қилинган рўйхатдан чиқариб ташлади. Судан делегацияси AҚШ расмийлари билан музокараларга таклиф қилинди. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, AҚШ Суданга 7 млрд доллар миқдорида ёрдам кўрсатади. Бунга жавобан Aфрика давлати вакиллари Исроил билан муносабатларни яхшилаш бўйича шартнома тузишга ваъда беришди. — lenta.ru

Трамп АҚШда ҳокимиятни тинч йўл билан топширишга кафолат беришдан бош тортди

Фото: twitter.com/realDonaldTrump

AҚШ президенти Дональд Трамп президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда ҳокимиятни тинч йўл билан топширишни кафолатлай оладими деган саволга жавоб бермади. «Келинг, нима бўлишини кўриб чиқайлик. Мен почта орқали овоз бериш фалокатга олиб келишини олдин айтган эдим», — деди Трамп шу билан боғлиқ саволга жавобан. Шу билан бирга, АҚШ раҳбари ўз ғалабасига ишонч билдирди. «Ҳокимиятни топширишга тўғри келмайди, бу давом этади», — дея қўшимча қилди у. — РИА Новости

Владимир Путин Нобель мукофотига даъвогар бўлди

Россия президенти Владимир Путин тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилди. Таъкидланишича, давлат раҳбари ушбу номинацияга рус ёзувчиси, «Президент» газетасининг бош муҳаррири, академик Сергей Комков томонидан илгари сурилган. Тақдирлаш маросими 2021 йил 10 сентябрда Ослода бўлиб ўтади. — РИА Новости

Нобель учун пул мукофоти 1,1 млн долларгача кўтарилади

Фото: nobelprize.org

Бу йил Нобель учун пул мукофоти 10 млн Швеция кронасига (1,1 млн доллар) оширилади. «Жорий йилда ютуқлари бизни илҳомлантирадиган ва келажакка умид бахш этадиган лауреатларни қадрлаш ва қўллаб-қувватлаш, айниқса, муҳимдир. Яқинлашиб келаётган Нобель ҳафталиги муносабати билан биз бу йилги мукофот миқдори 1 млн кронга (тахминан 100 минг доллар) кўтарилишини эълон қилишдан мамнунмиз», — деди фонд раҳбари Ларс Хайкенстен. Нобель фондининг хабарномасида айтилишича, 2012 йилдан бери жамғарманинг инвестиция капитали 3 млрд дан 4,6 млрд кронгача (300 дан 460 млн долларгача) ўсган. — Газета.uz

Коронавируснинг инсон миясига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди

АҚШдаги Флори неврология ва руҳий соғлиқни сақлаш институти олимлари SARS-CoV-2 коронавируси Паркинсон касаллигини ривожланишига туртки бўлганини аниқлашди. Тадқиқотчилар COVID-19 пандемияси келажакда миллионлаб одамларда неврологик касалликларни келтириб чиқаришидан хавотирланмоқда. Тадқиқотчилар инфекция марказий асаб тизимида яллиғланишни келтириб чиқариши ва миянинг неврологик ҳодисага «икки карра» кескинроқ таъсир кўрсатишига олиб келиши мумкинлиги тўғрисидаги фаразни илгари суришди. Бундай ҳолда ғайритабиий асаб реакцияси пайдо бўлиб, нейродегенерация ва Паркинсон касаллигига олиб келади. — lenta.ru

Қозоғистоннинг тўртта ҳудудида парранда гриппи тарқалди

Қозоғистоннинг тўртта ҳудудида парранда гриппи тарқалаётгани тасдиқланди. Хабарга кўра, ўлим шимолдан жанубга кўчиб юрадиган ёввойи қушлардан бошланган. Инфекция умумий сув ҳавзалари орқали тарқалган. Фабрикаларда ва шахсий томорқаларда ҳаммаси бўлиб 54 минг парранда нобуд бўлган. Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги уларнинг эгаларига товон пули тўланиши, бунинг учун тахминан 390 млн тенге ажратилиши ҳақида айтган. — Газета.uz

Қозоғистон ҳукумати ўлим жазосини бекор қилди

Қозоғистонда ўлим жазоси бекор қилинди. Олдинроқ мамлакатда ушбу жазони қўллаш тўхтатиб қўйилган эди. Маълумотга кўра, Қозоғистон ўлим жазосини бекор қилиш бўйича халқаро протоколга қўшилган. Тегишли ҳужжат Қозоғистоннинг БМТдаги доимий вакили Қайрат Умаров томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида имзоланди. Мамлакат президенти Қосим Жомарт Тоқаев ушбу қарор ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги чиқишида маълум қилиб, мамлакат инсоннинг ҳаётга бўлган ҳуқуқини таъминлашни мақсад қилиб қўйганини айтган эди. — Газета.uz