Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботирович Турсунов ўз лавозимидан озод этилди, дея хабар берди «Газета.uz»га ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манба.

Унинг ўрнига февраль ойидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи Муҳиддин Ўткурович Жўраев тайинланди. Жўраев олдинроқ ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган (2019 йил ноябрь ойида лавозимидан озод этилган). 2016−2018 йилларда Жўраев Сирдарё вилояти ИИБ, 2014−2016 йилларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ларининг раҳбари бўлган.


Муҳиддин Жўраев. Фото: ИИВ.

Муҳиддин Жўраев ИИББ жамоасига якшанба куни таништирилди, дея хабар берди манба.

Улуғбек Турсунов (1967 йилда туғилган) ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида 2017 йил апрель ойидан бери фаолият юритиб келаётган эди. У Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Ички ишлар органидаги фаолиятини 1989 йил Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлимининг кичик инспектори сифатида бошлаган.

Фаолияти давомида ИИВ жиноят қидирув бўлими бошлиғининг ўринбосари, бошқарма бошлиғининг ўринбосари ва бўлим бошлиғи (1996−2005), Тошкент шаҳридаги Яшнабод тумани ИИБ бошлиғи (2005−2010) ва ИИВ Бош инспекция гуруҳининг бош инспектори (2010−2017) сифатида фаолият олиб борган.