14 сентябрь куни давлат харидлари сайтида Паркент тумани ҳокимлиги 2018 йилда ишлаб чиқарилган Captiva-2 автомобилини (2018 йил 10 сентябрдан бошлаб ушбу модель ишлаб чиқарилиши тўхтатилган) захира жамғармалари маблағларидан 260 млн сўмга сотиб олгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Ҳоким қарорида машинани сотиб олишда компанияларнинг тижорий таклифлари, интернетдаги нархлар ва техник жиҳатлар ўрганилганлиги айтилади.

Оқибатда, машина сотиб олиш учун карьерлар билан шуғулланадиган MEGA KARER компанияси танланган. МЧЖ тасисчилари орасида, Паркент тумани ҳокими Муҳамедов Нигмат Исроиловичнинг ўғли Исроилов Сардора Нигматович (34%) мавжуд.


Тошкент вилояти ҳокимлигининг матбуот котиби Беҳзод Қобулов ушбу ҳолатга изоҳ берди. Қобулов воситачи корхона таъсисчиларидан бири туман ҳокимининг ўғли эканлигини тасдиқлади.

«Паркент — тоғ ва тоғолди ҳудудлардан таркиб топган. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда туман ҳокимлиги „Каптива“ машинасини харид қилишни режалаштирган. Бироқ, ўша вақтда туман бюджетида етарли маблағ бўлмагани туфайли, туман ҳокимининг фарзанди, яъни „MEGA KARER“ МЧЖ таъсисчиларидан бири отаси фойдаланиши учун мазкур машинани бериб турган», — дейилади хабарда.

Оғзаки келишувга кўра, туман бюджетида етарли маблағ бўлган пайтда пул ўтказиб бериладиган бўлган.

«Яъни, машина туман ҳокимлиги ихтиёрига берилган пайтда янги бўлган. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, тўлов қобилияти шаклланганидан кейин бу маблағлар фирмага баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган нархга кўра ўтказиб берилган. Янаям аниқроқ айтганда, туман ҳокимининг фарзанди туман ҳокимлигига янгиКаптивани кейинроқ тўлаб бериш шартига рози бўлган ҳолда топширган. Қариндош-уруғчилик риштасидан, бу ўринда, манфаат кўзда тутилмагани, қайтага автомашинани реал нархидан паст баҳога харид қилинганига эътибор қаратишингизни истардим», — дейди матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида Паркентда маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ коронавирусга қарши курашиш мақсадига йўналтирилган — дори-дармон захираси ва керакли жиҳозлар учун. Шунингдек, туман СЭОМга зарур турдаги жиҳозларни харид қилишга 200 миллион сўм маблағ ажратилган. «Чанги» МФЙдаги қишлоқ оилавий поликлиникасида коронавирус касаллиги билан оғриган беморларни қабул қилишга ихтисослашган 40 ўринли захира жой тайёрланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланган.

«Бугунги кунда у беморларни қабул қилишга шай. Яъни, туман бюджети аниқ ҳисоб-китоблар, маълум режалар асосида тақсимланади. Жайдари қилиб айтганда, бюджетнинг пули кўчада қолмаган ва бу борада ўта кучли назорат тизими мавжуд», — дея таъкидлади матбуот котиби.

Беҳзод Қобулов паркентлик тадбиркорлар «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобига 300 миллион сўм ҳомийлик тариқасида пул ўтказганлигини қайд этди. Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорлар томонидан эҳтиёжманд оилаларга нақд пул, озиқ-овқат, бошқа эҳтиёж моллари кўринишида 2 миллиард 900 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилган. Хусусан, ўша «MEGA KARER» МЧЖ томонидан аҳолига 60 миллион сўм қийматидаги озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёж моллари аҳолига тарқатилган.

Бундан ташқари, Паркент тумани ҳокими Нигмат Муҳамедов ўз ойлик маошидан жамғарган пулига 10 та сунъий нафас олиш ускунасини туман шифохонасига берган, дея таъкидлайди матбуот котиби.

«Бу вазиятда бюджет маблағи талон-тарож бўлгани ҳақида писандалар бақувват асосга эга эмас. Қолаверса, ҳозир давлат харидлари қачон ва қаердан амалга оширилгани интернет тармоғида эълон қилинаяпти… Бу вазиятга ҳуқуқий баҳо берадиган, қонун бузилиши аниқланганда чора кўрадиган ташкилотлар бор», — дейди Беҳзод Қобулов

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу ҳаракатларда давлат ҳокимияти вакилининг ўз мансабидан фойдаланган ҳолда коррупцияга йўл қўйиш аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига сўровнома юборди.