Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бу йил қиш совуқ келиб, ҳаво ҳарорати олдинги йилларга нисбатан 2−5 даража паст бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига туман ва шаҳарлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, куз-қишга тайёргарлик юзасидан Тошкент шаҳрининг 12 та тумани, Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоят бўйича алоҳида-алоҳида қарор қабул қилиш топширилди.

Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент шаҳри туманларига, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов вилоятларга шу масалалар бўйича масъул этиб бириктирилди. Тайёргарлик ишларини, энг аввало, бу борада аҳвол оғир бўлган 56 та туман ва шаҳардан бошлаш кераклиги таъкидланди.

Чапдан ўнгга: Танзила Нарбаева, Нурдинжон Исмоилов, Очилбой Раматов ва Жамшид Қўчқоров. Фото: Президент матбуот хизмати.

Йиғилишда 1 ноябрга қадар 3 мингдан зиёд таъмирга муҳтож кўп қаватли уйни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, 131 та ижтимоий соҳа объектини мукаммал ва 3 мингтасини жорий таъмирлаш вазифаси қўйилди. Тиббиёт ва таълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди.

Бу йил куз-қиш мавсуми учун 6 миллион тонна кўмир маҳсулотлари зарурлиги қайд этилиб, уларни ғамлаш ва етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Кўмир арзон бўлиши учун уни импорт қилувчи тадбиркорларга темир йўлда ташиш бўйича чегирма бериш муҳимлиги таъкидланди.

Бош прокуратурага кўмир нархини асоссиз ошириб юбориш, тамагирлик ва талон-торож ҳолатларининг олдини олиш юзасидан кўрсатма берилди.

«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятига табиий газ танқис ҳудудларга 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Жорий мавсумда электр энергиясига талаб ўтган йилгига нисбатан 7,5 фоиз кўп бўлиши кутилмоқда. Бу соҳа барқарор ишлаши учун иссиқлик электр станцияларини табиий газ ва мазут билан таъминлаш, электр тармоқлари, подстанция ва трансформаторларни таъмирлаш муҳимлиги таъкидланди.