Президент парламентга мурожаатида олий таълим тизимидаги вазифалардан бирини белгилаб берган: чет эл тажрибаси асосида олий таълим стандартларини такомиллаштириш, унинг йўналишлари ва ўрганилаётган фанлар тузилишини қайта кўриб чиқиш. Танланган мутахассислик билан боғлиқ бўлмаган фанларнинг сони икки карра қисқартирилиши кераклиги таъкидланган.

Файласуф, социолог ва антрополог Валерий Хан белгилаб қўйилган вазифалар асосида Ўзбекистондаги табиий фанлар ва техника университетларида ижтимоий фанлар бўйича қандай ўзгаришлар кутилиши мумкинлигини таҳлил қилади.

Навбатдаги «оптималлаштириш»: ижтимоий-гуманитар фанларни қисқартириш

Мана, янги ўқув йили бошланди. Олий таълим вазирлиги ва олий ўқув юртлари ректорлари «танланган мутахассислик билан боғлиқ бўлмаган» фанлар сонини камайтириш масаласини қандай ҳал этади?

Асосий савол: «танланган мутахассислик билан боғлиқ бўлмаган» фанлар деганда нимани тушуниш керак? Муайян фан у ёки бу мутахассисликка тегишли ёки йўқлигини ким ҳал қилади? Бир қатор университетларда ректор ва проректорларнинг мутахассисликлари улар раҳбарлик қилаётган университет профилига тўғри келмайди. Тўғри келса ҳам, кўпчилиги таниқли ва илғор фикрловчи мутахассислар эмас. Илмий даражанинг мавжудлиги, айниқса, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида (уларнинг мафкуравий тарафкашлиги ва кафедралар, ихтисослашган кенгашлар ҳамда Олий аттестация комиссияси барча диссертацияларни, шу жумладан, хомлиги очиқ кўриниб турган ишларни тасдиқдан ўтказиши ҳисобига) ҳар доим ҳам ушбу даражага эга шахслар олим бўлишини англатмайди.

Олий таълим тизимидаги «ислоҳотлар», аниқроғи, уларга тақлид қилишга (аввалги «оптималлаштириш» ислоҳотларидан келиб чиқиб) келсак, бизнинг шундоқ ҳам жаҳон рейтингининг қуйи қисмида турган таълим тизимимиз тобора ёмонлашмоқда. Бир неча йил олдин ўқитувчиларни университетларда кечгача олиб қолингани ва уларнинг аксарияти хорижий тилларни билмасада (!), чет эл дарсликларини таржима қилишга мажбур қилинганини эслаш кифоя.

Ёки фалсафа, мантиқ, этика ва эстетикани қандай қилиб бир фанга бирлаштириб, ҳеч кимга керак бўлмаган танлов фанга айлантиришганини эсланг, бу бутун Европа бўйлаб отни елдириб ўтишдек гап. Мавзу бўйича тавсия этиладиган адабиётлар 2017 йилдан кейинги нашрлар бўлиши кераклиги ҳақида «талаб» бор. Ваҳоланки, яхши танилмаган муаллифларнинг 2020 йилда чоп этилган энг янги ишлари халқаро миқёсда тан олинган олимларнинг 10, 20 ва ҳатто 30 йил олдин чиққан асарлари учун муносиб қўшимча адабиёт бўлмаслиги мумкин — классикага айланган асарлар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Кўпчиликда савол туғдирувчи расмий аттестация ва рейтинглар ёки асосий докторантлар (аспирантлар) учун SCOPUS ҳамда шунга ўхшаш журналларда мажбурий мақолалар нашр этиш талабларичи?

Техника ва табиий фанлар университетларида ректорлар ижтимоий-гуманитар фанлар (ИГФ)ни шунчаки қисқартириб юбориши эҳтимоли катта.Аммо Президент олий таълим стандартлари, ўрганилаётган фанлар йўналишлари ва тузилиши хориж тажрибаси асосида қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлаган.

Хўш, физикларга шеърият керакми? Алберт Эйнштейндан Билл Гейтсгача

Чет эл университетларининг ўқув дастурлари тўғрисида гапиришдан аввал бир қатор асосий масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман. Мен аллақачон матбуотда билдирган савол: табиий фанлар ва техника университетларида ижтимоий-гуманитар ва санъат фанлари ўқитилиши керакми?

Бу ғалати туюлиши мумкин, аммо ХХ асрнинг таниқли табиатшунослик соҳаси вакиллари — Альберт Эйнштейн, Макс Планк, Нильс Бор, Вернер Карл Гейзенберг, Эрвин Шрёдингер, Макс фон Лауэ, Илья Пригожин (барчаси Нобель мукофоти совриндорлари) ва бошқалар гуманитар билим, фалсафа, адабиёт ва санъат ўзлари учун қанчалик аҳамиятли деган савол устида бош қотирмаган. Гуманитар билимларга бўлган эҳтиёж улар учун аксиома бўлган.

Маълумки, Эйнштейн фалсафага (хусусан, Спиноза фалсафасига) жиддий қизиқиш билдирган ва унинг 70 ёшига бағишланган 1949 йилги юбилей тўплами бежиз «Альберт Эйнштейн. Файласуф-олим» деб номланмаган.

Эйнштейннинг айтишича, у бошқа мутафаккирлар ва ҳатто энг буюк математик Гауссга қараганда Фёдор Достоевскийдан кўпроқ таъсирланган. Буюк физик муғомбирлик қилганми? Асло. Бугунги кунда Достоевский дунёсидаги «ноэвклид» макон, романларидаги ҳаётнинг парадоксал табиати, бу дунёни икки маъноли мантиқ («ҳақиқат-ёлғон», «яхши-ёмон») билан тавсифлашнинг имконсизлиги, қаҳрамонларининг ҳатти-ҳаракатлари ва воқеалар траекториясининг кутилмаганлиги — физикадаги нисбийлик назариясининг адабий эквиваленти бўлиб, кашфиётга туртки берган ушбу барча нарсалар ҳақида кўп ёзилган. Рассомчиликда эса ХIХ аср охири — ХХ аср бошларидаги импрессионизм ва бошқа оқимлар ана шундай эквивалент ва илмий кашфиётга туртки вазифасини ўтаган.

Эйнштейннинг мумтоз мусиқага бўлган муҳаббати ва скрипка чалишни яхши кўргани ҳақида кўп ёзишган. У Моцарт, Бах, Гендел асарларини ижро этган. Вақтининг катта қисмини (хоҳ уйда, хоҳ катта ўтиришлару хайрия концертларида бўлсин) мусиқа чалишга бағишлаган. Шуни унутмаслик керакки, фалсафа, адабиёт ва мусиқа буюк физикнинг шунчаки ҳордиқ чиқариш машғулоти эмас, балки Эйнштейннинг олим сифатидаги шахсияти ҳамда физик қарашларининг ажралмас қисми бўлган. Уларсиз Эйнштейн физик олим сифатида намоён бўлмаган бўларди!

Агар унинг умр бўйи рақиби бўлган квант механикасининг асосчиларидан бири Нильс Борни оладиган бўлсак, унинг шогирди, таниқли физик Вернер Карл Гейзенберг «Уфқдан олислаган қадамлар» китобида ўз устози ҳақида шундай ёзади: «Бор авваламбор физик эмас, файласуф эди; аммо у бизнинг замонамизда натур фалсафа ҳақиқатнинг экспериментал мезонларига тўлиғича итоат этгандагина кучга эга бўлишини яхши биларди». Бор фортепианони яхши чалар, учрашувларда рақиблар — Бор ва Эйнштейн кўпинча Моцарт, Бетховен, Брамс мусиқаларини ижро этишарди.

Гейзенбергнинг ўзи физиканинг фалсафий масалаларига бағишланган бир қатор асарлар муаллифи ҳисобланади. Унинг, яъни физик олимнинг қарашларига Афлотун, Кант ва бошқа файласуфлар катта таъсир кўрсатган. Гейзенберг «юнон фалсафасини билмай туриб, замонавий атом физикасида илгарилаш мумкин эмас», деб ҳисоблаган.

Физика бўйича яна бир Нобель мукофоти совриндори Макс фон Лауэ таржимайи ҳолида ўзи учун фалсафанинг кашф этилиши ҳақида шундай ёзади: «У турмушимни бутунлай ўзгартириб юборди; ҳатто физика ҳам ўша пайтдан бери менга ўзгача аҳамият касб этувчи илм соҳаси бўлиб туйилмоқда. Чунки бу илмнинг асл моҳияти шундаки, у фалсафани муҳим қўшимча ғоялар билан таъминлайди. Менимча, барча фанларнинг умумий маркази фалсафа атрофида бирлашиши керак, фалсафага хизмат қилиш уларнинг асл мақсади ҳисобланади. Бу илм-фаннинг муттасил ихтисослашувига қарши илмий маданият бирлигини сақлаб қолишнинг ягона йўлидир. Мана шу бирлик бўлмаганида, бутун маданият завол топиши мумкин эди».

Бошқа бир Нобель мукофоти совриндори Макс Планк мусиқа ва фалсафа билан жиддий машғул бўлган. Ушбу машғулотлар шу даражада профессионал олиб борилган эдики, ёшлигида унинг қаршисида ҳаётини мусиқа (у бир нечта мусиқа асбобларини чалган), филология ёки физикага бағишлаш танлови турган. Гарчи у физикани танлаган бўлсада, мусиқа билан шуғулланишни давом эттириб, ҳатто мусиқа назариясидан дарс берган.

Яна бир физика бўйича Нобель мукофоти совриндори, бир қатор фалсафий асарлар муаллифи Эрвин Шрёдингер қадимги ҳинд ва хитой фалсафасига катта эътибор қаратган, лирикага қизиқиб, шеърлар ёзган.

Эҳтимол, бу физик қарашларнинг ўзига хос хусусиятидир. Балки ҳақиқатан ҳам олимларнинг жиддий фалсафий тайёргарликсиз ва ҳаттоки гуманитар таълимсиз нисбийлик назарияси ва квант механикасини (ўтган асрда яратилган назариялар) яратиши имконсиз бўлгандир? Математикачи?

Ноэвклид макон ғояси муаллифи, нисбийлик назариясининг яратилишига замин яратган Николай Лобачевский замондошлари математик учун «даҳшатли жиноят» ҳисобланган ишни одат қилган: Қозон адабий тўгаракларида доимий иштирок этган. Кечқурунлари у оиласини йиғиб, Гоголь асарларини овоз чиқариб ўқиган. Грибоедов, Пушкин, Жуковскийни яхши кўрган. Буюк математик яна бир «жиноят» — қадимги фалсафа ва адабиёт билан ҳам машғул бўлган.

«Математика қироли» Гаусс лотин, француз ва инглиз адабиётини яхши кўрган; ёшлигида унинг қаршисида жиддий танлов турган: филологиями ёки математика? 60 ёшидан кейин рус тилини ўргана бошлаган ва унга Пушкин асарларининг асл нусхасини юборишларини сўраган.

ХХ асрнинг энг буюк математиклари муваффақиятсиз кураш олиб борган Пуанкаре теоремасини исботлаган математик Григорий Перельман учун ҳам мактабни тугатгач, жиддий савол туғилган: консерваторияга кириш керакми ёки механика ва математика факультетига? Майли, булар физика ва математика. Кимёчи?

ХIХ асрнинг таниқли бастакори, «Князь Игор» операси муаллифи Александр Бородин тиббиёт доктори, машҳур органик кимёгар бўлган. Кимёвий элементларнинг даврий жадвали билан бутун дунёга танилган Дмитрий Менделеев Россия Фанлар академияси аъзоси бўлмаган, аммо Бадиий академияга қабул қилинган.

Бугунчи? Кимё бўйича Нобель мукофоти совриндори, синергетика — очиқ чизиқли бўлмаган тизимларда ўзини-ўзи ташкил этиш жараёнлари ҳақидаги фан асосчиларидан бири Илья Пригожинга Анри Бергсон фалсафаси кучли таъсир кўрсатган. Пригожин «ўзгарувчанлик фалсафаси»нинг асосчиси ва илм-фан фалсафасига оид бир қатор асарлар муаллифидир. Аммо унинг археология фанлари доктори бўлгани (ва дунёдаги энг нуфузли университетларда бу фандан маърузалар ўқигани), тарих, рассомчилик соҳалари билимдони, пианиночи ва бастакор бўлгани ҳаммага ҳам маълум эмас!

Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Мисолларнинг салмоғи шу қадар каттаки, ортиқча гапга ҳожат қолмайди. Бу тасодифий ўхшашлик эмас: математиклар, физиклар ва кимёгарлар — ҳеч бўлмаганда улар орасида кўзга кўринган олимлар учун «шеърият» ҳақиқатан ҳам зарур бўлган. Аммо бунинг сабаби нима?

Бугунги кунда яхши маълумки, ҳар қандай ижод тури, шу жумладан, илмий ижод, жуда кўп омиллар таъсир кўрсатувчи мураккаб жараён ҳисобланади. Илмий кашфиётлар, айниқса, машҳур топилмалар ҳеч қачон тор соҳага ихтисослашган билимларнинг ўзи билангина яратилмаган.

Ушбу кашфиётларни шунчаки илмий даражага эга бўлган олимлар эмас, таниқли шахслар ва ғайриоддий, кўп қиррали шахслар яратган. У ёки бу кашфиёт тарихини яратишда барча нарса муҳим роль ўйнайди: бўлажак олимнинг болалиги, севимли машғулотлари, феъл-атвори, ҳаётий тажрибаси, профессионал муҳит ва бошқалар.

Буюк олимларнинг ҳаёт йўли шуни кўрсатадики, уларнинг барчаси кенг дунёқараши, мутахассислигига бевосита боғлиқ бўлмаган машғулотларга иштиёқ қўйгани билан ажралиб турарди. Олимнинг дунёқараши қанчалик кенг бўлса, унинг ижодига таъсир кўрсатувчи омиллар шунча кўп бўлган. Ҳатто айтиш мумкинки,махсус соҳалардаги илмий муваффақиятлар олимнинг дунёқараши ва севимли машғулотларининг кенглиги билан тўғри пропорционалдир.

Бундан ташқари, инсон тафаккури бир томондан мантиқий, рационал, систематик ва онгли, бошқа томондан интуитив, ҳиссий ва образли характерга эга. Ҳақиқий ижод жараёнида бу иккала томон бир-бирига узвий боғланган.

Илмий кашфиётлар ҳар доим иккала томоннинг ўзаро таъсири натижасида рўй беради. Бугунги кунда илм-фаннинг буюк муаммоларини ҳал қилишнинг мантиқий, математик ёки физик формуласи яратилишидан аввал доим интуитив, яхлит образлар шаклланиши исботланган. Образли тафаккур, тасаввурларнинг теранлиги адабиёт ва санъат олами билан танишиш орқали сайқал топади.

Эҳтимол, фалсафа, адабиёт ва санъатга бўлган иштиёқ фундаментал фанлар: физика, кимё, математика билан шуғулланадиган кишиларнинг тафаккур юритиш тарзига хос хусусиятдир?

Мана, ҳозир компьютер технологиялари асри, рақамли иқтисодиёт, сунъий идрок, бевосита амалий аҳамиятга эга бўлган илм-фан соҳалари (ҳар қандай амалий фан назарий фанлар асосига қурилиши ва уларни четлаб ўтиш имконсиз эканини яхши билсак ҳам) жадал ривожланмоқда. Замонавий IТ-мутахассислари ХХ асрнинг буюк физиклари сингари гуманитар билимларга муҳтож бўлмаслиги мумкин.

Бизнес ва замонавий технологиялар соҳасининг нуфузли вакилларига тўхталиб ўтсак.

IТ пионер, Apple, NeXT ва Pixar компаниялари асосчиси Стив Жобс:«Мен барча технологияларимни Суқрот билан бир кунлик суҳбатга алмашган бўлардим», — деган эди (2001). Бу фикр Эйнштейннинг Достоевский ҳақидаги иқрорига ўхшаб кетмайдими? Эҳтимол, «рақамли инқилоб отаси» муғомбирлик қилгандир? Асло.

2010 йилги iPad тақдимотида Жобс яна шундай деган: «Apple ДНКсида технологиянинг ўзи етарли эмас деган ғоя ётади. Бизга умумий таълим, гуманитар фанлар билан уйғунлашган технология керак ва бундай технология қалбимизни жунбушга келтира олади».

Жобснинг Зен-буддизм фалсафасига қизиққани яхши маълум, бу унинг «тафаккур минимализми» тамойилларига таъсир кўрсатган.

Microsoft асосчиси ва дунёдаги энг бадавлат кишилардан бири Билл Гейтс: «Болаларимнинг, албатта, компьютерлари бўлади. Аммо улар, биринчи навбатда, қўлига китоб олади», — деган эди.

Гейтснинг ўзи кўп китоб ўқиган. У худди шу китобларни бошқаларга ҳам тавсия қилади. Бу дастурлаш, яъни Гейтснинг ўзи машғул бўлган соҳа бўйича китоблар эмас. Улар тарих, адабиёт, сиёсат, психология, таълим, экология, соғлиқни сақлашга оид китоблар, таниқли шахсларнинг мемуарлари ва таржимайи ҳолларидир. Гейтс ўзи эришган ютуқлари ҳақида шундай дейди:«Ўйлашимча, кўп мутолаа қилишга имконим бўлгани учун кўп нарсага эришдим». Бу мутолаа нафақат билим бериши, балки фикрлаш ва тасаввур қилишни ҳам рағбатлантириши, бусиз ҳеч қандай соҳада ютуққа эришиб бўлмаслигини англатади.

Гейтснинг фикрига кўра, унинг дунёқарашини ўзгартирган китоблар профессор Вацлав Смилнинг «Энергия ва цивилизация: тарих» (Гейтс Смилнинг барча — 36 асарини ўқиб чиққан), Гарвард университети профессори Стивен Пинкернинг «Бугунги маърифат», швед муаллифи Ханс Рослингнинг дунёқараш стереотиплари ҳақидаги «Фактларга асосланиш: дунё ҳақида нотўғри фикрлашимизнинг ўнта сабаби ва нима учун воқелик кўринганидан яхшироқ» ҳамда исроиллик тарихчи Ювал Ной Ҳарарининг «Sapiens: инсониятнинг қисқача тарихи» асарларидир. Эътибор берсангиз, буларнинг бирортаси ҳам дастурлаш ҳақида эмас!

Таниқли компьютер бизнеси вакили, Glue Mobile, Meebo, Rally Healthy ва MemSQL компанияларининг кадрлар бўйича вице-президенти ҳамда директори Том Перролт «Harvard Business Review» саҳифасида қуйидагича фикр билдиради: «Компаниялар кўпроқ гуманитар билим ва кўникмаларга эга ходимларни жалб қилиш орқали эртанги кунга тайёргарлик кўра бошлашлари керак. Мазкур компаниялар кўп йиллар давомида мураккаб назарий муаммолар устида бош қотирган ва уларни батафсил тушунтириб берган файласуфлар ёки тарихчиларга қарши туриш ўрнига, ушбу талабалар эгаллаган кўникмалар эртанги куннинг етакчиси бўлишига ёрдам беришини тушунишлари керак».

Замонавий хориж тажрибасини ўрганиш ҳақида гапирадиган бўлсак, АҚШ ва Буюк Британиянинг техника университетларида гуманитар фанлар ҳажми 30 фоизга тенг.

Бутун илм-фан тарихи, хориж амалиёти ва жаҳон экспертлари фикрлари шундан далолат берадики, табиий ва техник фанлар университетлари учун гуманитар фанлар, адабиёт ва санъат зарур. Агар улардан воз кечсак, ХХ асрнинг биринчи ярмидаги муваффақиятсизликка учраган ихтисослашган таълим тизимига қайтамиз.

Замонавий таълим шахсни ривожлантириш, унинг ахлоқий ва когнитив фазилатларини (ижодий, танқидий, тизимли ва ностандарт фикрлаш, кенг дунёқараш, ҳиссий идрок, мулоқот қилиш қобилияти ва бошқалар) такомиллаштиришга асосланган шахсга йўналтирилган таълим тизимига ўтиш орқали ривожланади… Буларга гуманитар ва санъат фанларисиз эришиб бўлмайди.

Яна бир нарса: бугунги кунда кўплаб курслар фанлараро интеграллашган услубда, шу жумладан, табиий, техник ва гуманитар фанлар кесишмасида ўқитилади.

Ижтимоий-гуманитар фанлар: қандай бўлса шундайлигича қолдириш керакми?

Асло. Ижтимоий-гуманитар фанларнинг, камдан-кам истиснолардан ташқари, ҳозиргидек ўқитилиши фойда келтирмайди ва талабалар буни адолатли равишда рад этади.

Масалан, мактабда бир неча йил давомида жуда синчковлик билан ўрганилган ва мазмунан мактаб материалини такрорлайдиган фанларни қайта ўтиш керакми? Йўқ.

Бундан ташқари, баъзан ижтимоий-гуманитар фанларни улар билан яқиндан таниш бўлмаган одамлар ўқитади: филолог фалсафадан, социолог диншуносликдан дарс беради, муҳими, ўқув юки тўлиб-тошсин.

Дуч келган одам ўзи билмаган нарсани ўқитиши сабабли, у матндан ташқарига чиқа олмайди ва шунчаки дарсликни сўзма-сўз ўқиб беради. Натижада, жуда муҳим мавзулар зерикарли, расмий равишда, руҳсиз ўқитилади, бу эса талабаларда ҳам худди шундай муносабатни юзага келтиради.

Бутун курсдаги талабалар биргаликда у ёки бу фанни бекор қилишни талаб қилган ҳолатлар ҳам бўлган. Аслида, бу муҳим фан бўлган, аммо жуда ёмон ўқитилган. Кафедралар, деканатлар, университет маъмурияти қандай қилиб ўқитувчини бекор қолдирмаслик, унинг манфаатлари ҳақида ўйлайди, лекин талаба ҳақида, давлат манфаатлари ҳақида умуман ўйламайди. Мана шунақа ақли калталик қилишади.

Бундан ташқари, ижтимоий-гуманитар фанлар кўпинча ёдлаш керак бўлган қандайдир бир маълумотлар йиғиндиси сифатида ўқитилади, улар сиз эгаллайдиган мутахассислигингизга қандай алоқаси борлиги эса номаълумлигича қолади. Талабалар нима учун у ёки бу фан уларга мажбурий ўқитилганини ҳеч қанақасига тушуна олмайди.

Ижтимоий-гуманитар фанлар мафкурага бўйсундирилади, кўпинча тарбиявий дарс, насиҳат шаклида, догматик тарзда ўқитилади, гўё талабалар буни ўзлаштиришга мажбурдек. Ваҳоланки, бу талабалар орасида фақат эътирозга сабаб бўлади. Олий таълим вазирлиги талабаларнинг «Миллий истиқлол ғояси» (МИҒ) ёки «Миллий ғоя ва маънавият асослари» каби фанларга муносабатидан хабардормикин?

Юқорида ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш, айрим истисноларни айтмаса, ҳеч қандай фойда келтирмаслигини айтиб ўтдим. Энди тушунтириб бераман: уларни ҳозирги шаклда ўқитиш ҳатто зарарли, чунки улар жонли фикрни ўлдиради, ижодий изланишлар уфқини торайтиради, догматик қарашлар ва жоҳилликни рағбатлантиради.

Хўш, агар ижтимоий-гуманитар фанлар фойда келтирмаса ва ҳатто зарарли бўлса, эҳтимол улар университетларда, айниқса, табиий фанлар ва техника университетларида умуман керак эмасдир? Йўқ, жуда керак. Худди Эйнштейн ва Гейтсга керак бўлганидек, бизга ҳам зарур. Ҳозирги шаклда ўқитилса, керак эмас. Аммо қандай ўқитилиши керак?

Биринчидан, улар янада ихтисослашган ва фанлараро интеграллашган тартибда ўтилиши мумкин. Диншунослик фанини оладиган бўлсак, бу йўналишни, масалан, ҳуқуқ, психология, социология, санъат, сиёсат кабилар ўқитиладиган тегишли университетларда «Дин ва ҳуқуқ», «Дин психологияси», «Дин социологияси», «Санъатдаги диний мотивлар», «Замонавий диний экстремизм» каби курслар орқали ўтиш мумкин.

Турли университетларда гуманитар фанларни ўқитиш университет профилига мос равишда турлича бўлиши керак, чунки барча илмий соҳаларда дифференциация жараёни амалга оширилиб, бунинг натижасида янги ихтисослашган фанлар шаклланади.

Масалан, барча университетларда оддий фалсафа ўқитилади. Ахир физика фалсафаси, математика фалсафаси, биология фалсафаси, сиёсат фалсафаси, техника фалсафаси каби курслар мавжуд. Дифференциация тарих фанига ҳам таъсир кўрсатди. Бугунги кунда тарихий антропология, тарихий социология, квантитатив тарих, тарихий география, тарихий демография, тарих фалсафаси, тарих картографияси, тарихий антропометрия ва бошқалар умумий тарих фанидан ажралиб чиққан.

Антропология фани эса бугунги кунда физик антропология, маданий антропология, фалсафий антропология, тиббий антропология, шаҳар антропологияси, оила антропологияси кабиларга бўлинган. Социологияни оладиган бўлсак, дин социологияси, ҳуқуқ социологияси, маданият социологияси, фан социологияси ва бошқалар мавжуд. Барча ижтимоий-гуманитар фанлар шу каби тор ихтисосликларга ажралган.

Гуманитар фанлар бўйича дарсларда уларнинг кераклилиги борасида шубҳа туғдириши мумкин бўлган умумий назарий билимлар эмас, балкиназарий саволлар амалий муаммоларни ҳал қилишга хизмат қиладиганфункционал саводхонлик шакллантирилиши керак.

Иккинчидан,юқорида санаб ўтилган курслар табиатан фанлараро интеграллашган хусусиятга эга. Кўлами ва нимага йўналтирилганлигига қараб улар хилма-хил бўлиши, катта назарий курслардан (физика фалсафаси, тарихий антропометрия, тиббий антропология, дин социологияси ва бошқалар) тортиб торроқ махсус курслар ва махсус семинарларгача фарқланиши мумкин.

Масалан, физика факультетининг «Нисбийлик назарияси» кафедраси талабаларига махсус курс ёки «Достоевскийнинг ноэвклид макони ва нисбийлик назарияси» номли семинар, квант механикаси кафедраси талабаларига «Худо ошиқ ўйнаганми: Эйнштейн-Бор баҳсининг фалсафий асослари», оптик кафедраси талабаларига «Оптик ва замонавий фотосуратлар» каби семинарларни ташкил этиш мумкин. Тарих факультетида «Жаҳон тарихининг математик моделлари», «Тарих фанида физик-кимёвий исботлаш усуллари» ёки «Тарихий шахсларнинг психологик портретлари» курсларини йўлга қўйиш мумкин. Ушбу турдаги курслар факультатив ёки танлов асосида ўтказилиши мумкин.

Айтиб ўтганимдек, ҳар бир университетдатақдим этиладиган гуманитар фанлар ва уларни ўқитиш учун ўқув режаларибўлиши керак. Идеал вазиятда, мамлакатдаги барча талабалар учун «биринчи блок» — мажбурий фанлар тушунчасидан воз кечиш лозим. Аммо энг муҳими, университетдаги ижтимоий-гуманитар фанларнинг вазифа ва функциялари нимадан иборатлигини тушуниш лозим. Бу нафақат ихтисослашган билим, балки мослашувчан, ижодий ва танқидий фикрлаш кўникмалари ҳамдир.

Асарлари Билл Гейтсга катта таъсир кўрсатган тарихчи ва футуролог Юваль Ной Ҳарари ўзининг «ХХI аср учун 21 дарс» китобида маълумотлар уммонига ғарқ бўлсак, муҳим ва номуҳим нарсаларни бир-биридан фарқлашни ўрганишимиз, шунингдек, узуқ-юлуқ маълумотлардан дунёнинг умумий манзарасини яратишимиз кераклигини ёзади. Тўрт кўникмани ўқитишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим: танқидий фикрлаш, коммуникация, ҳамкорлик ва ижодкорлик. Фақат техник кўникмаларни ўргатиш босимини юмшатишимиз ва ўзгаришларга мослашиш, янги нарсаларни ўрганиш ва нотаниш вазиятларда руҳий мувозанатни сақлаш каби умумий кўникмаларни ўргатишни кучайтиришимиз керак. Ўзгаришлар тезлиги ошгани сайин нафақат иқтисодиёт, балки қандай қилиб инсон бўлиш ғояси ҳам мутацияга учрайди. Одамлар тобора кўпроқ янгиликлар билан ҳисоблашишлари ва деярли ҳар ўн йилда ўз ихтисосликларини ўзгартиришларига тўғри келади. Номаълумлик ҳукм сурган дунёда омон қолиш (айниқса, муваффақиятга эришиш) учун кучли руҳий мослашувчанлик ва ҳиссий мувозанат керак бўлади. Буни ўқитиш эса тенгламаларни ечишга ўргатишдан кўра анча қийин, деб ёзади Ҳарари.

Alibaba корпорацияси асосчиси Жек Ма бу ҳақда Москва давлат университетида ўқиган маърузасида шундай деган: «Агар келажакка тайёрланмоқчи бўлсангиз, кечаги ўқув методларидан воз кечинг: кўр-кўрона ёдлаб олишга уринманг — компьютер барибир кўпроқ нарсани эслаб қолади. Тезроқ ҳисоблашга уринманг — сиз учун буни компьютер амалга оширади. Ижодкор ва конструктив бўлишни ўрганинг».

Буларнинг барчасини ким ўқитади?

Энг қийин савол мана шу. Кўпчилик ижтимоий-гуманитар фанлар ўқитувчилари курсларини жонли ва иштиёқ билан ўта олмайди. Адабиёт ва физика, психология ва тарих, оптика ва санъат кесишмасидаги интеграллашган курслар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ахир, фанлараро ўқитиш методи нафақат ҳозирги табиий ҳамда ижтимоий-гуманитар фанларда етакчи йўналиш, балки замонавий ўқув методи ҳамдир (масалан, АҚШнинг ўзида 600 та университетда жорий қилинган Liberal Arts тизими).

Четдан таклиф қилинган ва авваламбор малака ошириш институтларида ишлайдиган ўқитувчиларсиз буни амалга ошириш мушкул. Хорижда ўқиган ёки ишлаган, шунингдек, иш жойида ўз курсларига ижодий ёндашадиган кишиларни битталаб излаб топиш зарур.

Албатта, кўплаб ўқитувчилар фанлараро курсларни дабдурустдан ўқиб кетолмайди. Уларни олти ой ёки бир йил давомида тайёргарликдан ўтказиш керак. Университетлар веб-сайтларида ўзларига керакли курсларни эълон қилишлари ва ишга олиш шартлари тўғрисида келишиб олишлари керак. Бутун дунёда шундай қилишади, аммо бизда эмас.

Президент мурожаатномаси январь ойида бўлиб ўтган бўлсада, синов муддатидаги янги фанлар эндигина яратилмоқда! Барча университетлар талвасага тушган. «Пандемия» семестри ва ундан кейинги таътилда ўзларини бўш қўйишди, энди эса уч-тўрт кун ичида (бир семестр ёки ҳатто бир йил ўрнига) ўқитувчилар илгари таниш бўлмаган курслар билан танишиб чиқиш, улар бўйича барча (!) маъруза матнларини ёзиш, семинар дарслар режаларини тузиш ва буларнинг барчасини университетнинг Moodle электрон тизимига жойлаштиришга улгуриши керак. Буларнинг барчасини президент сўзларини бузиб талқин этиш, ислоҳотларни беҳурмат қилишдан бошқа нарса деб атаб бўлмайди. Беихтиёр биз учун одатий ҳолга айланган ҳолат ёдга тушади: «- Қачон қилиш керак, бир ой ичидами ёки икки ой? — Кеча».

Албатта, тегишли курсларни тайёрлаб, улардан яхши дарс бера оладиган ўқитувчилар жиддий мукофотга лойиқ кўрилиши керак. Айнан улар минглаб бошқа кишилар уддасидан чиқолмаган ишни амалга оширади. Ўз навбатида, бу бошқа ўқитувчиларга ихтисослашган фанлараро курсларни яратишга туртки бериши мумкин.

Агар «миллий ғоя» ва зерикарли, догмага асосланиб ўқитиладиган ижтимоий-гуманитар фанлар ўрнига ҳақиқатан ҳам қизиқарли, хилма-хил, фанлараро интеграллашган ва амалий аҳамиятга эга курсларни жорий қилсак, талабаларнинг маънавий дунёсини бойитамиз, дунёқарашларини кенгайтирамиз. Шунда, эҳтимол, бизда ҳам Эйнштейнлар пайдо бўлар.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мақоланинг рус тилидан таржимаси Khan Academy Oʻzbek томонидан тақдим этилди.