Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида икки нафар ходимнинг коронавирус асоратлари туфайли вафот этгани ҳақидаги хабарлар бўйича маълумот берди.

«Шу хабар юзасидан маълум қиламизки, Қўшкўпир тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи майор Д.Ж. 12 сентябрь куни коронавирус асоратлари туфайли вафот этгани ўз исботини топмади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, коронавирусдан гумон қилиниб шифохонага ётқизилган марҳум бемордан 10 сентябрь куни олинган махсус лаборатория натижаларига кўра, унда коронавирусни келтириб чиқарувчи «SARS CoV-2» вируси аниқланмаган.

Шунингдек, ССВнинг Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли карантин шифохонасидан олинган касаллик тарихи маълумотларига таяниб маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда коронавирусдан вафот этгани айтилган хивалик шифокор Б.Қ.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланмаган.

«27 август касалхонага ётқизилган беморда бирламчи текширув жараёнида махсус лаборатория текширувида ҳам, кейинги ташхисларда ҳам коронавирус инфекцияси аниқланмаган. Беморнинг ўлимдан кейинги ташхиси натижаларига кўра, беморнинг вафотига икки томонлама пневмония сабаб бўлганини кўриш мумкин», — дейилади хабарда.