Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимининг икки нафар ходими коронавирус асоратларидан вафот этди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қўнғирот тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи подполковник Акимов Куанишбай Мирзабаевич коронавирус асоратларидан вафот этган.

Бундан ташқари, вазирлик тизимида 2005 йил апрель ойидан хизмат қилган, Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қўшкўпир тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи майор Жаббаров Дониёр Рахимович ҳам коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган.

«Юқорида номлари тилга олинган ходимларимиз, афсуски, кўринмас ёвга қарши курашиб, халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ўз хизмат бурчини бажариш чоғида ушбу касалликни юқтириб олганлар», — дейилади вазирлик баёнотида.

ФВВ матбуот котиби Мурод Содиқовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Куанишбай Акимов 14 сентябрь куни, Дониёр Жаббаров 12 сентябрь куни оламдан ўтган.

Ҳозирча ушбу ўлим ҳолатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус бўйича маълумотларида келтирилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 12 сентябрь куни коронавирус ҳолатлари бўйича берган маълумотида Хоразмдаги ўлим ҳолати ҳақида маълумот берилмаган.

Қорақалпоғистонда коронавирус беморлари орасида сўнгги ўлим 1 август куни қайд этилган. Хоразм вилоятида эса 2 сентябрь куни қайд этилган.