Ўтган ҳафтада Ўзбекистонга дунёдаги энг ноёб қушлардан бири — торғоқлар ташриф буюрди. 5 сентябрдан буён Қашқадарё вилоятидаги Талимаржон сув омбори ҳудудида ҳар куни йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган ушбу қушларнинг 2 мингдан ортиғини кузатиш мумкин, бу дунёдаги қолган барча торғоқларнинг деярли 20 фоизини ташкил этади, дея хабар қилди Ўзбекистон Қушларни ҳимоя қилиш жамияти «Газета.uz»га.

Тўлиқ йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган торғоқ дунё миқёсида камдан кам учрайдиган, йўқолиб кетиш хавфи остидаги оқ каркидон, кит акуласи, Амур йўлбарси ва улкан панда кабилар қаторига киради.

Жамиятнинг маълум қилишича, жиддий хавф остида бўлган торғоқ жанубий Покистонга узоқ ва хавфли парвоздан олдин дам олиш ва ўзини тиклаш учун Қозоғистондан учиб келган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу ноёб қушлар бир ойдан кўпроқ вақт давомида Ўзбекистонда бўлади. Ҳар куни Қозоғистондан келадиган торғоқлар сони кўпайиб боради ва октябрь ойининг бошида Талимаржонда 5 мингга яқин торғоқни, яъни дунёдаги ушбу турдаги қолган қушларнинг ярмини кузатиш мумкин бўлади.

5 сентябрь куни Талимаржон сув омборида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган торғоқларни кўрган Ўзбекистон Қушларни ҳимоя қилиш жамияти аъзоси Т.Раҳимовнинг айтишича, Қозоғистондан узоқ парвоздан сўнг қушлар жуда чарчаган-у, сув омборига етиб келгач, дарҳол ухлаб қолган. Ушбу ноёб қушлар тўхтаган сув омборининг ҳудуди ҳимояга муҳтож.

Торғоқлар шу кунларда янтоқ чакалакзорлари билан ўралган Талимаржон сув омборининг қирғоқ зонасида овқатланади, дам олади ва ухлайди. Намликнинг юқори даражаси ва кўп миқдордаги озуқа моддалари туфайли бу чакалакзорлар торғоқ озиқланадиган ҳашаротларни ўзига жалб қилади. Бироқ чорва моллари ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлиги сабабли торғоқлар энди сув омбори атрофидаги тепаликларда ҳашаротларни топа олмаяпти.

«Ўзбекистонда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган торғоқ учун янада яхши шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига Талимаржон сув омборининг қирғоқ зонасида мавсумий орнитологик қўриқхонани яратиш таклиф қилинмоқда», — дейилади жамият хабарида.

Эслатиб ўтамиз, кузда торғоқнинг Ўзбекистонда пайдо бўлиши ўтган йилларда ҳам кузатилган эди.