«Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Сергей Вюненко вафот этди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги.

Сергей Вюненко 2017 йилда «Ўзметкомбинат» АЖда иш бошлаган. Дастлаб комбинат бош муҳандиси, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, бошқарув раисининг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари, 2020 йилдан эса «Ўзметкомбинат» АЖнинг бошқарув раиси вазифаларида меҳнат қилиб келган.

«Сергей Анатолевич Вюненко Ўзбекистон Республикасида қора металлургия саноати ривожига катта ҳисса қўшди. У ўзига ва корхона раҳбар ва мутахассисларига жуда талабчан эди. Унинг раҳбарлигида ферроқотишмалар, пўлат симлар ва бошқа турдаги металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, йирик инвестиция лойиҳаси — „Қуюв-прокатлаш мажмуаси қурилиши“ ишлари бошланди», — дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Бекобод шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаев марҳум хотирасини ёдга олиш маросимида унинг коронавирус оқибатида вафот этганига ишора қилиб ўтди.

«Пандемиянинг асоратларини енгиллатиш учун Сергей Анатолевич нафақат комбинатда, балки шаҳримизда ҳам кўп ишларни амалга оширди. У юзлаб инсонлар соғлиғини, керак бўлса ҳаётини асрашга катта ҳиссасини қўшди. Афсуски, ўзини асролмади. Унинг ёрқин хотираси қалбларимиз яшайди» — дейди Зафар Файзуллаев.

Шунингдек, «Дарё» нашри ўз манбасига таяниб Сергей Вюненко коронавирус асоратидан вафот этганини маълум қилди.