Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил сентябрь ойи давомида юридик шахслар томонидан амалга оширилиши керак бўлган солиқ тўловларни эълон қилди.

5 сентябрь*

  • банклар томонидан Ўзбекистон Республикасининг норезидентларига амалга оширилган тўловлар (дивидендлар ва фоизлар тўловидан ташқари) бўйича фойда солиғини бюджетга ўтказишнинг охирги куни (СКнинг 355-моддаси иккинчи қисми);
  • август ойида натура ҳолида (қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган ва қайта ишланган, ходимларнинг ёзма аризасига кўра шартномавий нархларда бериладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) тўланган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ва ШЖБПҲга (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақи) мажбурий бадалларни тўлашнинг охирги куни (СКнинг 390-моддаси иккинчи қисми);
  • пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ пенсияларни тўлашга кетган харажатлар ҳақида маълумотни тақдим этишнинг охирги куни.

10 сентябрь

Август ойи учун:

  • Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ўзи ва инвестиция воситачилари томонидан рўйхатга олинган акцияларга доир битимлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этишнинг охирги куни (СКнинг 133-моддаси ўн иккинчи қисми);
  • Акциз солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлашнинг охирги куни (СКнинг 292-моддаси биринчи қисми, СКнинг 293-моддаси биринчи қисми);
  • Айланмадан солиқ тўловчилар ҳисобланмайдиган солиқ тўловчилар томонидан мол-мулк солиғи йиллик суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида бўнак тўловларни тўлашнинг охирги куни (СКнинг 417-моддаси олтинчи қисми);
  • Айланмадан солиқ тўловчи бўлмаган солиқ тўловчилар томонидан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи йиллик суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида тўлашнинг охирги куни (СКнинг 432-моддаси биринчи қисми).

III чорак учун:

  • айланмадан солиқ тўловчилар томонидан мол-мулк солиғи йиллик суммасининг тўртдан бир қисми миқдорида бўнак тўловларни тўлашнинг охирги куни (СКнинг 417-моддаси олтинчи қисми).

15 сентябрь

Август ойи учун:

  • ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш, шунингдек ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлашнинг охирги куни (СКнинг 389-моддаси биринчи қисми, 407-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлари);
  • меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсиялари бўйича амалга оширилган харажатлар тўғрисида маълумотларни Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлими ҳисобда турган жой бўйича давлат солиқ хизмати органларига етказишнинг охирги куни.

20 сентябрь*

Август ойи учун:

  • ҚҚС ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлашнинг охирги куни (СКнинг 273-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари);
  • агар август ойида дивидендлар ва фоизлар ҳисобланган бўлса, дивидендлар ва фоизлардан олинадиган солиқ суммаси бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг охирги куни (СКнинг 345-моддаси бешинчи қисми);
  • норезидентларнинг даромадларидан олинадиган фойда солиғи суммалари бўйича солиқ ҳисоботи солиқ агенти томонидан тақдим этишнинг охирги куни (СКнинг 355-моддаси биринчи қисми);
  • солиқ даврида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан кўпроқни ташкил этадиган юридик шахслар томонидан (бундан айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар мустасно) йиллик солиқ суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида тўлашнинг охирги куни (СКнинг 448-моддаси учинчи қисми);
  • ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлашнинг охирги куни (СКнинг 454-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмлари);

III чорак учун:

  • солиқ даврида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан камроқни ташкил этадиган, айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар бўлмаган юридик шахслар, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан йиллик солиқ суммасининг тўртдан бир қисми миқдорида тўлашнинг охирги куни (СКнинг 448-моддаси учинчи қисми).

23 сентябрь

III чорак учун:

  • жами даромади жорий солиқ давридан олдинги солиқ даври учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда беш миллиард сўмдан ошадиган фойда солиғи тўловчилари ҳар ойлик бўнак тўловларини тўлашнинг охирги куни (СКнинг 340-моддаси иккинчи қисми).

* Агар солиқ мажбуриятини бажариш муддатининг сўнгги куни дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, шундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади.