Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармаси директори М.А. ва бошқалар томонидан жамғарманинг 2,8 млрд сўм маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлишича, жамғарманинг мансабдор шахслари ўзаро олдиндан тил бириктириб, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини қиммат нархларда сотиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан жамғарма директори М.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, миллиардер Алишер Усмонов апрел ойида"Ўзбекистон Меҳр-шафкат ва саломатлик" жамғармасига ўз ҳисобидан 20 миллион доллар беғараз ёрдам ажратган эди. Бу маблағ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Зангиота туманида қурилаётган шифохонани энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш учун тақдим этилган.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам Telegram-каналида ўтказган реклама акциясидан тушган 30 млн сўмни «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармасига ўтказиб берди.

Маълумот учун, Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармаси Ўзбекистон хукуматининг 1988 йил 28 ноябр 444-сонли қарорига асосан 1989 йил февраль ойида бўлиб ўтган конференцияда таъсис этилган бўлиб, 2014 йил 21 ноябрида 389п-сони билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан қайта давлат рўйхатига олинган.