Ўзбекистонда Цзянси анъанавий хитой табобати университети филиали ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

24 август куни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Хитойнинг Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd. фармацевтика компанияси президенти Сюэжун Линь бошчилигидаги навбатдаги гуруҳни қабул қилди. Фармацевтика компанияси ҳамда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг 10 нафар шифокор ва мутахассисларидан иборат делегациянинг мақсади Ўзбекистон тиббиёт ходимлари билан COVID-19 пандемиясига оид маълумотлар билан ўртоқлашиш, ҳамкорликда касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш, уни назорат қилиш ва даволаш ишларига кўмаклашишдир.

2019 йил апрель ойида Ўзбекистон президентининг Хитойга ташрифи давомида бир қанча соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш тизимида, хусусан мамлакатда анъанавий хитой табобатини ривожлантириш бўйича келишувга ҳам эришилган эди. Бугунги мулоқот давомида таъкидланганидек, барча давлатлар учун оғир бўлган пандемия билан боғлиқ бўлган инқирозли вазиятда икки давлат ўртасида ушбу йўналишда самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.

COVID-19 га қарши курашда Ўзбекистон Хитойнинг тўплаган катта тажрибасини қўллаши ва мамлакатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали пандемияни енгишига ишонч билдирилди.

Мулоқот давомида меҳмонлар анъанавий хитой табобатининг бугунги кунда коронавирусга қарши курашдаги аҳамияти хусусида батафсил гапиришди ва ушбу йўналишда кенг ҳамкорлик ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.

Ташкил қилинадиган филиалда тайёрланадиган мутахассислар халқ табобати илмини замонавий тиббиёт ютуқлари билан уйғунлаштирган ҳолда амалиётда қўллашлари мумкин бўлади, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.