Энг оммабоп ўйинлардан бўлмиш Fortnite, App Store ва Google Play маркетларида блокировка қилингач, Epic Games компанияси Apple ва Google ни судга берди, дея хабар беради The Bell.

Бундан олдин компания Fortnite иловасида тўловларни Google ёки Apple орқали эмас, тўғридан-тўғри амалга ошириш имконини берган эди. App Store ва Google Play сиёсатига кўра, барча тўловлар шу икки хизмат орқали амалга оширилиши, ишлаб чиқарувчилар эса 30% комиссия тўлашлари белгиланган.

«Epic Games ўз иловасига тасдиқланмаган ва App Store сиёсатига зид бўлган имкониятни киритган», — деб таъкидлайди компания. Кейинчалик Epic компанияси Apple ни антимонополия қонунини бузганликда айблаб судга берди. Бундан ташқари Fortnite иловаси Google Play маркетида ҳам блокланди ва ишлаб чиқарувчи томонидан аналогик тарзда иш судга оширилди.

«Энг аввало биз смартфон сотиб олган одамларнинг ҳар қандай манбадан иловаларни ўрнатиш эркинлиги; муаллифлар иловаларни эркин дистрибуция қилиши ва икки гуруҳнинг тўғридан-тўғри бизнес олиб бориш эркинлиги учун курашамиз», — дея таъкидлайди Тим Суини, Epic Games раҳбари.

Бундан аввал Павел Дуров Apple ўз монопол ҳолатидан фойдаланиб, жуда юқори комиссия талаб қилиши ва эвазига дастурчиларга иловаларни App Store да жойлаштиришдан уларни бошқа ҳеч қандай қўллаб-қувватламасликда айблаган эди. Дуровнинг таъкидлашича, айнан 30% комиссия фойдаланувчиларга иловалар ва қўшимча харидлар учун юқори нарх шаклида ноқулайлик туғдиради. «Дастурчилар ва ишлаб чиқарувчилар Apple га тўлайдиган миллиардлаб долларлар иловалар сифатини ошириш учун сарфланиши мумкин эди», — дейди Павел Дуров ўз каналида.

Бунақа муаммо нафақат iOS-дастурчиларда, балки Google га тегишли Android бозорида ҳам кузатилади. Стартапларнинг 70 фоизи лицензия, маош, хостинг ва давлат солиқларига кўплаб харажат қилади ва кўп ҳолларда бошқа харажатларга маблағ етарли эмас. Шу ўринда иловани нархини ошириш талаб камайишини олиб келиши мумкин, дейди Дуров.

Bloomberg ёзишича, Facebook ҳам Epic Games ва Павел Дуров каби Apple ни, 30% комиссияси сабаб, танқид қилди. Платформа 14 август куни 20 та давлатда онлайн-тадбирлар иловасини ишга туширган эди. Ушбу илова ёрдамида тадбиркорлар фойдаланувчиларга видео ва семинарларга тўлов эвазига кириш имконини бериш кўзда тутилган. Лекин Apple компанияга ўз тўлов тизимларидан фойдаланишга рухсат бермади. Google ҳам комиссияни бекор қилишдан бош тортди, лекин Facebook тўлов тизимидан фойдаланишига рухсат берди.

Бундан ташқари, Apple сиёсати сабаб компания Facebook Gaming хизматини ҳам чекланган версияда чиқаришга мажбур бўлди ва шу сабаб Марк Цукерберг томонидан танқид қилинди. Сўнгги ойларда App Store бир неча маротаба Facebook Gaming хизматини рад этиб келди ва шу сабаб илова ўйинларсиз чекланган версияда чиқарилди.