Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев тақдимот давомида Бўстонлиқ туманида яқин йилларда фойдаланишга топшириладиган лойиҳалар мажмуаси билан танишиб, уларни такомиллаштириш бўйича таклифларини берди.

«Билдирсой-Чимён-Нанай» халқаро курортини ташкил этиш лойиҳаси улардан бири. Унинг концепцияси ва иқтисодий модели Франция компаниялари консорциуми томонидан FASEP фондининг 750 минг евро миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 480 млн доллар. Шундан 280 миллион долларини тўғридан-тўғри инвестициялар ташкил этади. Ундан кўзланган асосий мақсад ҳудуддаги ер майдонларининг қийматини ва инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали тадбиркорликни ривожлантиришдир.

Лойиҳа 3 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда Чимён ҳудудида умуммавсумий курорт ташкил этиш кўзда тутилган. Франциянинг 48 млн евро миқдоридаги имтиёзли кредити эвазига туристик инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, осма йўлаклар, чанғи учиш ускуналари ва аттракционлар келтириб ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг натижасида тоғ-чанғи туризми оммалашади, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратилади, табдиркорлик ривожланади. Лойиҳанинг биринчи босқичини 2021 йил декабрда ишга тушириш режалаштирилган.

Лойиҳаларда кўзда тутилаётган энг муҳим вазифа бу давлат-хусусий шериклик асосида уддабурон тадбиркорларга кенг йўл беришдир. Шунингдек, сайёҳлик ҳудудида эчкичилик, туячилик, асаларичилик кенгайтирилиб, сайёҳларга қўшимча хизматлар таклиф этилади. Ҳудудда ёшлар учун алоҳида майдонлар ажратилиб, туризмни ривожлантиришда уларнинг имкониятларини ҳам тўлиқ рўёбга чиқариш муҳимлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Франциянинг Orex Loisirs, Compagnie des Alpes, Geode, Egis, Epode, Patriarch компаниялари томонидан ташкил этилган консорциум ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Ҳамкорлик доирасида консорциум экспертлари Чорвоқ сув омборида қишки ва ёзги спорт иншоотлари, аквапарклар, экотуризм ёки альпинизмни ривожлантириш учун дам олиш марказларини аниқлаши керак эди.

Консорциумнинг кўплаб иштирокчи компаниялари Франциядаги қадимги Шамони курорт-шаҳри, баланд осма йўлли тоғ-чанғи трассаси ҳамда Анси кўли қирғоғини ободонлантириш билан шуғулланган.

Президент иштирокидаги йиғилишда Бўстонлиқ туманида бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектларни сотиш орқали улар негизида туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилаётгани хабар қилинди. Хусусан, 80 га яқин давлат объектларини хусусийлаштириш режалаштирилган. Бу орқали туризм соҳасида давлат иштироки қисқартирилади ва хусусий тадбиркорлик ривожланади. 15 мингтагача янги иш ўрни яратилади. «Рақобат кучайиши ҳисобига мақбул нарх-наво шаклланади», — дейилади хабарда.

Бўстонлиқ туманида солиқ солиш объектларини ҳисобга олишни соддалаштириш мақсадида «orom.uz» мобил иловаси ва ягона электрон платформаси ишлаб чиқилди. Бу платформа орқали 3 минг 700 дан ортиқ ижарачилар рўйхатга олинди. Бундан ташқари, қўшимча таянч пунктлари ташкил этилиб, 16 мингдан зиёд объект хатловдан ўтказилди. Булар натижасида солиқ тушуми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 3 бараварга ошган.

Бўстонлиқ туманида йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва таъмирлаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, автомобиль йўллари таъмирланди, ерости сувларини қочириш мақсадида дренаж қувурлари ўрнатилди, 10 километрдан ортиқ пиёдалар йўлакчалари қурилди.

Президент йўлларни пухта ўйланган, тежамкор лойиҳалар асосида қуриш ва таъмирлаш зарурлигини таъкидлади.

Сайёҳлар оқимининг кўпайиши чиқиндиларни оқилона бошқаришни ҳам талаб этади. Ҳисоб-китобларга кўра, Бўстонлиқ туманида кунига ўртача 102 тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Афсуски, дам олиш маданияти пастлиги туфайли кўпинча йиғиштирилмай, табиат қўйнида ташлаб кетилади.

Бу муаммони бартараф этиш, ҳудудни тозалаш тизимини такомиллаштириш мақсадида чиқинди йиғиш пунктлари ва ташувчи техникаларни кўпайтириб, Экоинспекция назоратини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида ҳудуд 100 фоиз санитария тозалаш хизматлари билан қамраб олинади. Ташриф буюрувчиларнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси талабларига риоя этишлари устидан доимий назорат юритилади.

Шунингдек, Бўстонлиқ туманида ичимлик суви ва канализация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Йил бошидан буён 7,6 километр ичимлик суви қувури, насос ва сув миноралари қурилган. Келгуси икки йилда 36 километр ичимлик ва 3,5 километр оқава сув қувури, 10 га яқин сув ва канализация иншооти барпо этилиши режалаштирилган.

Туманда электр таъминотини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент мавжуд электр тармоқларини таъмирлаш билан бирга сув, шамол ва қуёш энергияси манбаларини бунёд этиш, туристик объектлар энергия эҳтиёжининг катта қисмини шулар ҳисобидан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Тоғ ёнбағирларида, ўрмон ва сув фонди ерларида енгил конструкцияли кўчма дам олиш масканларини ташкил этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари ҳудудни тўлиқ туристик зона сифатида ривожлантириш ва режадаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига (ҳозирда ушбу лавозимда Азиз Абдуҳакимов фаолият кўрсатмоқда) параллел равишда, янги тажриба тариқасида Бўстонлиқ туманига раҳбарлик вазифасини бажаришни юклатиш таклифини билдирди.

Тақдимотда кейинги икки йилда сайёҳлик ўринлари ва хизмат турларини кўпайтириш натижасида ҳудуднинг туризм салоҳиятини 2 баробар ортишини таъминлаш вазифаси қўйилди.