Ўзбекистон президенти «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш;
  • ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
  • Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;
  • «жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқ, айниқса, ёшларга етказиш.

Қайд этилишича, марказ директори Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Қарор билан Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгашининг таркиби тасдиқланди. Васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашади ҳамда фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди.

Шунингдек, хорижий тадқиқотчи ва изланувчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия таъсис этилди.

Бундан ташқари, ҳужжатда Марказ ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами ташкилотига (ICESCO) аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг махсус муассасалари, университетлари ўртасида самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чоралар белгилангани муълум қилинмоқда.

Қарорда «Эл-юрт умиди» жамғармаси мунтазам равишда Марказ илмий ходим ва тадқиқотчиларининг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш бўйича амалий чораларни кўриши қайд этиб ўтилди.