Транспорт вазирлиги давлат ва бошқарув органларида расмий транспорт воситаларини бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ҳужжат давлат хизматчилари томонидан транспорт воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бюджет маблағлари ва давлат мулкидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида қабул қилинмоқда.

Қарорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сотиб олинган расмий автотранспорт воситаларини раҳбарларга бириктириш таклиф этилмоқда.

Хизмат транспорт воситалари учун йиллик йўл босиш лимити ҳам белгиланиши мумкин. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларига шахсан бириктирилган хизмат автомобиллари йилига 52020 км, ўринбосарларининг хизмат автомашиналари эса 36036 км юриши мумкин бўлади. Автотранспорт воситаларини газ ёқилғисига ўтказишда чекловни максимал 10% га оширилиши мумкин.

Бундан ташқари, беш йиллик фойдаланишдан кейин компания автомобилларини алмаштириш (яроқсиз машиналар бундан мустасно) ва автомобилнинг техник ҳолатини, ундан фойдаланиш хавфсизлигини ва алмаштиришнинг иқтисодий мақсадларини ҳисобга олиш режалаштирилмоқда. Фойдаланиш шартларига жавоб бермайдиган қолган транспорт воситалари E-IJRO AUKSION ягона электрон аукцион портали орқали сотилиши керак бўлади.

Шунингдек, лойиҳада давлат хизматчиларининг автомашиналарини 2021 йил 1 январгача сунъий йўлдош орқали кузатиш тизими (GPS-навигаторлари) билан жиҳозлашни, автомобиллар сони, юриши, русуми ва ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги маълумотлар акс этадиган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Янги йилдан бошлаб, автотранспорт воситаларидан фақат расмий мақсадларда фойдаланиш устидан жамоат назорати ўрнатилади. Ҳуқуқбузарликлар тўғрисида Коррупцияга қарши курашиш агентлигига веб-портал ёки махсус мобил илова орқали фото ва видео материалларни юбориш орқали хабар бериш мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Молия вазирлиги хизмат автомобиллари учун сарфланадиган бюджет харажатларини оптималлаштириш устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, вазирлик ушбу йўналишдаги амалдаги қонун ҳужжатлари (2011 йил Вазирлар Маҳкамасининг қарори) «жуда эскирган» эканлигини айтган эди.