Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган ғалабаси билан қутлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш икки томонлама муносабатларни аниқ мазмун — иқтисодиёт тармоқларида кооперация бўйича муҳим лойиҳалар ва гуманитар алмашинувга оид дастурлар билан бойитишига ишонч билдирди, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Александр Лукашенкога мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги зафарлар, дўст Беларусь халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Унда 5 нафар номзод иштирок этди. 10 август куни мамлакат марказий сайлов комиссияси сайловда 80,23% овоз билан амалдаги президент Александр Лукашенконинг қўли баланд келганини маълум қилди.