Россияда тўртинчи ҳафтадирки, Хабаровск вилояти губернатори Сергей Фургални қўллаб-қувватлаш бўйича оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Норозилик иштирокчилари расмийлардан қотилликларни уюштиришда айбланган вилоятнинг собиқ раҳбарини қўйиб юбориш ҳамда унинг ўрнига тайинланган Михаил Дегтяревни ишдан бўшатишни талаб қилишмоқда.

Қисқача тарих

9 июль куни Россия Тергов қўмитаси Хабаровск ўлкаси губернатори, Либерал-демократик партия аъзоси Сергей Фургалнинг ҳибсга олганини эълон қилди. Москвадаги Тергов қўмитасига олиб келинган Фургал у ерда 2004−2005 йилларда Амур вилояти ва Хабаровск ҳудудида тадбиркор Эвгений Зори ва Олег Булатовга суиқасд ҳамда қотиллик уюштиришда айбланган, деб ёзади РБК.

Сергей Фургалга қарши кўрсатмаларни ўтган йили бу иш бўйича ҳибсга олинган ва ҳозирда «Лефортово» тергов ҳибсхонасида сақланаётган унинг шериги Николай Мистрюков ҳам кўрсатган.

Бундай жиноятлар учун умрбод қамоқ жазоси белгиланиши ҳам мумкин. Бироқ, бу ҳолатда энг катта жазо тайинланиши мумкин эмас, чунки гап 2004−2005 йиллардаги жиноятлар ҳақида кетмоқда, муддати ўтган, оғир жиноятларга нисбатан 15 йиллик жазо тайинланиши мумкин. Бундай ҳолда, суд ишни ўз хоҳишига кўра тўхтатиши ҳам мумкин. Ҳар бир жинояти учун Фургал 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Эртаси куни Фургал Москванинг Басманний судига олиб борилди, суд ишининг бир қатор иштирокчиларига таҳдид қилинганлиги сабабли жараён ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Суд Сергей Фургални 9 сентябргача ҳибсга олди. Унинг ўзи айбни тан олмади.

ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский ҳеч қачон Фургални партиядан чиқариб юбормаслигини айтди. Бундан ташқари, у Фургаланинг ҳибсга олинишини қоралади ва ўз партиясига норозилик сифатида Давлат Думасини тарк этиши мумкинлиги ҳақда огоҳлантирди.

Норозилик намойишлари

11 июль куни Хабаровск аҳолиси Фургални қўллаб-қувватлаш учун биринчи норозилик намойишини ўтказишди. Турли манбаларга кўра, акцияда 5000 дан 35 минггача одам иштирок этган. Митинглар, шунингдек, Комсомолск-Амур ва Хабаровск ўлкасининг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Фуқаролар Фургални Москвада эмас, балки Хабаровскда суд қилинишини талаб қилишди. Шундан сўнг митинглар ҳар куни, баъзида кунига икки марта ўтказила бошланди ва Москва, Санкт-Петербург, Владивосток, Южно-Сахалинск ва Комсомолск-Амур шаҳарлари аҳолиси ҳам Хабаровскга қўшилишди.

Энг катта норозилик намойишларидан бири 18 июль куни бўлиб ўтди. Расмийларга кўра, митингда 10 минг киши иштирок этган. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва фаоллар хабарига кўра, Хабаровск кўчаларида 50 мингга яқин одам намойишга чиқди. Ўтган шанба, 25 июль куни шаҳар маъмурияти навбатдаги митинг иштирокчилари сонини 6500 киши деб, маҳаллий оммавий ахборот воситалари эса 15000 дан 20000 кишигача деб баҳолади.

Митинглар юзасидан хавотирга қарамай, Кремль уларни тўхтатиш учун кучли чоралар қўлламоқчи эмас, чунки бундай ҳаракатлар янада кучли сиёсий инқирозга олиб келиши мумкин, деб хабар берди РБК Bloomberg маълумотларига таянган ҳолда.

Фургалнинг ўзи бундай таъқиқланган ҳаракатларни маъқулламайди, аммо у митингларда иштирок этган руслардан уни қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдор эканлигини билдирган.

Россия президенти Владимир Путин 20 июль куни Фургални ишдан бўшатди. У, шунингдек, Либерал-демократик партияси аъзоси бўлган Михаил Дегтяревни вақтинча вилоят раҳбари вазифасини бажарувчи қилиб тайинлади.

Халқ Дегтяревга қарши

Намойишчилар унинг янги лавозимга тайинлангани ҳақидаги хабарлардан кейин «Жамадон — станция — Самара», «Дегтярев — уй» деган шиорларини айтиб бақира бошлашди. Михаил Дегтярев тайинланганидан деярли бир ҳафта ўтиб, намойишчилар билан учрашди. У соат 22:00 дан кейин Ленин майдонига борди, у ерда бу пайт бир неча ўнлаб одамлар қолган эди. Дегтярев иш сафаридан эндигина қайтганлигини ва илгари бу ерда бўлиш имконияти бўлмаганлигини айтди. Шу билан бирга, у 5000−6000 киши билан гаплаша олмаслигини, чунки уни ҳеч ким эшитмаётганлигини таъкидлаган.

«Москва барчани эшитади, шунинг учун минтақа кучсиз қолмаслиги учун сизга вақтинча мурожаат қилди. Мен Фургал ҳақида такрор айтаман: у менинг ўртоғим, партиянинг бошқа аъзоси, мен унинг тақдиридан жуда хавотирдаман, партия унга ёрдам бериб, унга овқат беради.

Кремльда Дегтяревнинг фаолиятига «жуда ҳаракатчан» деб баҳо беришди, аммо уни умумий баҳолаш учун жуда эрта эканлигини таъкидлашди. Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Хабаровск ҳудудидаги вазият «тинчланмоқда».

Хабаровск ўлкаси собиқ раҳбарининг оиласи адвокат хизматлари учун пул тўлаш учун маблағ тўплаётганини эълон қилди. «Ҳозирда оила ҳисоблари музлатилгани боис ушбу хизматлар учун пул тўлай олмасликлари сабабли шундай қилишга тўғри келди», — дейди ҳибсга олинган собиқ ҳокимнинг синглиси Галина. У, шунингдек, ҳар ой сарфланган маблағ тўғрисида ҳисобот бериб туришини айтди.

Сергей Фургал Хабаровск ўлкасини 2018 йил сентябрь ойидан бери бошқариб келаётган эди. Ҳозирда собиқ губернатор Москванинг «Лефортово» қамоқхонасида ўтирибди. У адвокат Борис Кожемякиннинг хизматларидан воз кечган, ҳуқуқ ҳимоячиси бу қарорнинг сабабларини маълум қилмади.