Биринчи ярим йиллик мобайнида иқтисодий судлар томонидан 51727 та иш кўриб чиқилди, дея хабар берди Республика Олий суди матбуот хизмати.

Уларда даъвогарлар фойдасига 2,9 трлн сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45,8 фоизга камайган.

Энг кўп иқтисодий ишлар Тошкент шаҳар, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб чиқилган ва ҳал этилган.

Ишларнинг кўпи, яъни 24326 таси бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Видеоконференцалоқа режимида ишларнинг 1294 таси кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 926 млн сўмдан зиёд маблағлари тежаб қолинди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 14255 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 824,7 млрд. сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.

Иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини маҳсулот етказиб бериш, контрактация, кредит ва коммунал хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.

Шунингдек, Республика Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 302 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 147 та қарор бекор қилинди ва 36 та суд қарорлари ўзгартирилди.