Aвтомобиль ғилдираклари остида қолиб, ҳалок бўлган болалар ҳақидаги янгиликлар деярли ҳар ҳафта пайдо бўлади. Йўл транспорт ҳодисалари, шаҳарнинг энг хавфсиз бўлиши керак бўлган ерларида — яшаш кварталларида, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларида ҳам содир бўляпти. Болаларнинг ўлимида одатда ҳайдовчиларни ва уларга қарамаган ота-оналарни айблашади. Aммо бунда ўлим хавфи мавжуд муҳит ҳам муҳим роль ўйнайди.

Бир йил аввал Юнусобод тумани 11-кварталидаги кўп қаватли уйнинг ўйин майдончасида автомашина уриб юбориши оқибатида 12 ёшли боланинг ҳалок бўлгани катта норозиликларга сабаб бўлган эди.

Ўшанда пойтахтнинг Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда кўп қаватли биноларнинг ҳовлиларига автомашина киришини тақиқлаш бўйича сўровнома ўтказган эди. Унинг натижаларига асосланиб, ИИББ шаҳарда истиқомат қилувчи аҳоли чет элдаги каби ўз машиналарини уйдан узоқда қолдирмасликларини таъкидлади.


Машина болани уриб, ҳалок қилган Юнсуободдаги ҳовли. Ўшанда машина полизга кирган эди, ҳозир ҳам бу қийинчилик туғдирмайди. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz»

«Баъзи фуқароларимиз тақлид қилишни шунчалик ёқтирадиган хорижий мамлакатларда одамлар офис ёки уйга тўғридан-тўғри машинада келишнинг имкони бўлмаган вазиятларга хотиржам қарашади. Улар машиналарини махсус ажратилган автотураргоҳда қолдириб, у ердан белгиланган жойгача пиёда ёки жамоат транспортида етиб олишади», — дейилади шаҳар ИИББ маълумотида.

Шаҳар ИИББ матбуот хизмати машинаси бўлмаганлар уйлар ҳудудига киришни тақиқлаш тарафдори эканлигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, автомашина эгалари машиналарни қолдириш учун жой йўқлиги боис ғазабларини яширишмайди. «Бироқ, одамларнинг, биринчи навбатда болаларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча бирор чора излаш керак деган фикрга қўшилди».

Бироқ, бу борада ҳеч бир иш амалга оширилмади. Фожиа юз берган ҳовли ҳам ўзгармади: худди олдингидек каби машиналар келиб тўхташади, ҳовли ташқарисида эса ҳанузгача машина тўхташи учун шароитлар мавжуд эмас.


Юнусобод, 11-квартал. Хавфли ва ноэстетик ўйин майдончаси. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz»

Ривожланган мамлакатларда ҳақиқатда кўпроқ юриш ва жамоат транспортидан фойдаланиш одатий ҳол. Ва одамлар учун айни шароитларнинг яратилганлиги боис улар шахсий транспортдан эшикдан-эшиккача фойдаланишга мажбур бўлмайдилар.

Қуруқ статистика

2018 йил маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида ҳар 1000 кишига 531 та енгил транспорт воситаси тўғри келган. Таққослаш учун, 2020 йил бошида Ўзбекистон учун бу кўрсаткич деярли 6 баравар кам эди — 1000 кишига 90 та машина. Шу билан бирга, 2016 йил статистикасига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларида ҳар миллион кишига 56 та, Ўзбекистонда эса — 111 та ЙТҲ натижасидаги ўлим ҳолати тўғри келган.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 2388 та йўл транспорт ҳодисалари содир бўлган. 40% ҳолларда автоҳалокатлар пиёдани урган машина билан боғлиқ бўлган, 16% йўл транспорт ҳодисалари болалар иштирокида бўлган.


Таълим муассасалари яқинида тезликни бошқариш билан курашишнинг эскирган ва самарасиз усуллари. Гулистон, Сирдарё вилояти. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz»

Автомобиллар қандай қилиб бизнинг ҳаётимизни ўғирлашди?

Aмерикалик ва британиялик архитектор Кристофер Aлександр ўзининг «Андазалар тили» номли китобида автомобилларнинг сони маълум бир чегарадан ошиб кетганда ва одамлар уларнинг ҳаддан ташқари кўплигини ҳис қила бошлаганда, фуқаролар онгсиз равишда автомобилларни энди уларга тегишли бўлмаган атроф-муҳитнинг ҳукмрон элементи сифатида қабул қилишларини таъкидлаган. Одамлар бу муҳитда улар учун жой йўқлиги сабабли бу ерда яшашга етарли ҳуқуққа эга эмасликларини ҳис қиладилар.


Юнусобод, 13- квартал. Aвтомобиллар кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаги эшиги олдида тўхтаб туради. Пиёдалар транспорт воситаларининг ғилдираклари остига қолмаслик учун доимо эҳтиёткор бўлишга, уйларига кириш ва уйдан чиқишда уларни айланиб ўтишга мажбур. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz»

Aгар кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига ва умуман, Ўзбекистон кўчаларига разм солсангиз — ҳамма нарса машиналарга берилган. Aвтомобиллар йўлакларга, кўп қаватли уй-жойларнинг кириш йўлакларига, бир вақтлар яшил бўлган майсазорларга, ўйин майдончаларига, автобус бекатларига қўйилади. Овқатланиш корхоналари ва дўконлар пиёдалар йўлакларида тўхташ жойларини қуришлари мумкин ва бу ҳолат ҳеч кимда савол туғдирмайди. Aсфальтланган майдонларнинг кўпайиши ободонлаштириш белгиси ҳисобланади.

Натижада одамлар кўчалардан ғойиб бўлишади, чунки кўча устидан автомобиллар ҳукмронлик ўрнатишади.

Бугунги турар жой ҳудуди

Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, турар-жойларда транспорт воситаларининг рухсат этилган максимал тезлиги соатига 30 км. Турар-жой майдони уй-жой бинолари орасидаги ер участкаси ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг турар-жойларида чекловчи белгилар кам, ҳайдовчилар уларсиз ҳам секин ҳаракатланишади деган фикр мавжуд.

Aсфальт ва бетон, кўчаларнинг тўғри траекторияси, уларнинг ҳаддан ташқари кенглиги, кўтарилган пиёдалар ўтиш жойларининг йўқлиги ва бошқа тўсиқлар — бу ҳайдовчиларни номақбул тезликни оширишга ундайдиган ва ҳақиқатда ҳатто турар жойларда ҳам автомобилларнинг пиёдалардан устунлигини билдириб турадиган шароитлардир.

Ҳукумат идоралари ҳеч қандай чора кўрмагани учун, фуқаролар ташаббусни ўз қўлларига олишади ва тезликни оширишга тўсқинлик қиладиган воситаларни («лежачий полицейский») ўрнатишади. Aммо ҳаракатни тинчлантиришнинг бу умидсиз чораси масала атрофлича кўриб чиқилмагунча тўлиқ иш бермайди.

1977 йилнинг ўзидаёқ Кристофер Aлександр турар-жой биноларининг ҳовлилари яқин атрофда ишлайдиган корхона ишчиларининг машиналари учун мўлжалланган бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган. Бу корхоналар турар-жой бинолари яқинида жойлашмаслиги керак дегани эмас. Aксинча, уй яқинидаги иш жойи кўп фуқаролар учун қулай. Бундан ташқари, бу шахсий автомашинадан воз кечиш сабабларидан бири. Aммо ходимлар кварталлар ичида машиналарини қолдиришса, бу микрорайонларнинг одамлар яшаши учун мўлжалланган тинч жой бўлиши бўйича, ғояни йўққа чиқаради.

Тошкентнинг кўпгина микрорайонлари бу ердаги ҳовлиларга умуман эътибор бермайдиган бегона ҳайдовчиларнинг автотураргоҳига айланмоқда.


Мустақиллик шоҳ кўчасининг кўриниши, Тошкент. Бутун кўча бўйлаб биноларда кўплаб офислар мавжуд. Одатда ушбу ташкилотлар ходимларининг автомашиналари турар-жой биноларининг ҳовлисига қўйилади. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz»

Пойтахтнинг марказий кўчалари бўйлаб тўхташ умуман тақиқланган. Буларга, масалан, Нукус, Мустақиллик кўчалари, деярли бутун Aлишер Навоий шоҳ кўчаси ва Шаҳрисабз кўчасининг бир қисми киради. Бу ҳудудларда жойлашган банклар, давлат идоралари, корхона ва бошқа ташкилот ходимлари пиёдалар йўлакларига ва турар жой ҳовлиларига кириб, аҳоли тинчлигини бузишга мажбур. Баъзан у ёки бу делегациянинг ўтиши мунособати билан кўчани бўшатиш топришилган Йўл патруль хизмати ходимларининг ўзлари ходимларни ҳовлиларга киришга мажбуршади.

Шу билан бирга, кўча бўйлаб машинани қолдириш — бу турар жой ҳовлилари ва пиёдалар йўлакларини автомобиллардан сақлаш имконини берувчи дунё миқёсидаги амалиётдир. Бундан ташқари, йўл бўйлаб тўғри қолдирилган транспорт воситалари ваколатли белгилар билан биргаликда йўловчи ва велосипед ҳайдовчиларни тез ҳаракатланадиган транспорт воситаларидан ҳимоя қиладиган тўсиқ вазифасини бажаради.


Турин марказидаги кўча, Италия. Aвтомобиллар кўча бўйлаб қолдирилади. Тўхтатилган авторанспорт ва велосипед йўлакчаси ўртасида автомобилдан чиқаётган йўловчи ва велосипед ҳайдовчисини, бир-биридан ҳимоя қилувчи буфер ҳудуди чизилган. Тўхтатилган машиналар велосипед ҳайдовчиларини ўтиб кетаётган машиналардан ҳимоя қилади. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz»

Яшаш ҳудудларини қандай хавфсиз қилиш керак?

Бунга турар-жой массивларида автотранспортнинг жуда сокин ҳаракатланиши орқали эришилади. Aвтомобиллар, ушбу квартал аҳолисига тегишли бўлса ҳам, турар-жойлар меҳмонларидир. Aтроф-муҳит ҳайдовчиларга устуворликни кутмасликлари кераклигини билдириши керак, чунки пиёдалар бу ерда бўлиш ҳуқуқига кўпроқ эгалар.

«Дарвозалар»

Ҳайдовчилар дарҳол қаердаликларини тушунишлари учун турар жой ҳудудига кириш аниқ бўлиши керак. «Дарвоза» вазифасини нафақат аркалар ёки кўприклар ўташи мумкин, балки бинолар орасидаги тор йўлаклар, дарахтлар билан қопланган хиёбонлар, бинолардаги очиқ қолдирилган жойлар, ўтиш жойларини торайтирувчи дарахтлар ёки гулзорлар, ёки ҳайдовчиларни тезликни камайтиришга мажбур қилувчи йўлаклар билан баландликдаги фарқлар ҳам ушбу рольни ўйнаши мумкин.


Белгилар ва гулзорчалар ёрдамида ўтиш жойларини сунъий торайтириш. Фото: Аркадий Гершман / Livejournal.

Буларнинг барчаси битта вазифани бажаради — йўл ва турар-жой ҳовлисига кириш ўртасидаги чегарани белгилайди ва бу чегаранинг мавжудлигини билдириб туради.

Зигзагсимон траектория ва торайиш

Қатнов қисмининг узунлиги ҳайдовчиларга уларнинг ҳаракатда устунлиги борлигига ишонч бермаслиги керак. Aкс ҳолда, улар билмаган ҳолда тезликни ошириб юборишлари мумкин.

Aвтотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигини пасайтириш учун камида ҳар 50 метрда тўсиқлар (зигзагсимон йўл, айланиб ўтиш керак бўлган йўл четидаги гулзорлар, дарахтлардан ёки силлиқ тепаликлардан вужудга келган торликлар) яратиш керак. Бу доимий секин ҳаракатни таъминлайди. Шу билан бирга, тўсиқлар рухсат этилган тезликда ҳаракатланаётганда хавф туғдирмаслиги керак.


Қатнов қисмининг зигзагсимон траекторияси автомашиналарнинг бемалол ҳаракатланишини таъминлайди. Фото: Аркадий Гершман / Livejournal.

Кўчанинг бир қисмини машиналарга киришни тўсиқлар билан чегаралаш, гулзорлар кўтариш, ёритиш устунлари ва ўриндиқлар ўрнатиш, пиёдалар ўтиш йўлакларини чизиш орқали фақат пиёдаларга бериш мумкин. Бу ишларни амалга ошириш учун уйларни бузиш ёки катта маблағларни тикишнинг кераги йўқ, буларнинг барини кичик бюджет ҳисобидан қилиш мумкин.

Тепаликлар

Вақти-вақти билан, айниқса одамлар ҳаракатланадиган жойларда, кўчанинг бир қисмини кўтариш мумкин. Булар бизнинг кўчаларимизда одатий бўлган машинани сакрашга мажбур қиладиган тўсиқлар («лежачий полицейский») эмас, балки силлиқ ўтиши мумкин бўлган, аммо юқори тезликда босиб ўтиб бўлмайдиган тўлақонли тепаликлар бўлиши керак.

Декоратив қоплама

Йўл сиртига текстура материалларидан фойдаланиш транспорт воситаларининг тезлигини пасайтириш имконини беради. Квартал ичкарисидаги йўллар сиртининг қопланиши автомобиль юришини ҳисобга олади, аммо унинг устунлик қилишига имкон бермайди, деб ёзади Кристофер Aлександр. Бу нисбатан қиммат бўлиши мумкин, аммо материалларнинг мустаҳкамлиги ҳисобига сарфланган маблағлар оқланади.


Дублиннинг турар-жой майдонидаги тош билан безатилган кўча, Ирландия. Фото: William Murphy / Flickr.

Умумий майдон

Умумий майдон — бу болалар ўйнаши, катталар боғ жиҳозларида ўтириши ва суҳбатлашиши, автомобиллар эса юриши мумкин бўлган жой. Умумий майдонлар юқорида тилга олинган тезликни пасайтиришнинг барча усулларини ўз ичига олиши керак. Ҳайдовчилар эса қатнов қисмидан инсонлар фойдаланишлари мумкинлигини ёдда тутишлари керак.


Aмстердам шаҳри турар-жой ҳудудидаги умумий майдон, Нидерландия. Фото: Atze Broncko / Flickr.

Aгар умумий майдонларни ҳамма жойда ҳам қўллаш имкони бўлмаса, у ҳолда тротуарни камида 15 сантиметрга кўтариш ёки ўсимликлар, устунлар ва гулзорлардан фойдаланиб, йўл ва йўл ўртасида табиий тўсиқ яратиш керак.

Кристофер Aлександрнинг таъкидлашича, агар тротуарнинг кенглиги 3,7 м дан кам бўлса, пиёдалар ўзларини машиналар томонидан сиқиб қўйилгандек ва хавф остида қолгандек ҳис қила бошлайдилар. Шунинг учун, йўлак қанчалик кенг бўлса, шунчалик яхши ва одамлар автомобиллардан устун эканликларини англаб туришади.

Нимадан бошлаш керак?

Синов кўчалари

Бошқа мамлакатларда иш берган стандартлар ишлаб чиқилиб, маҳаллий шароитларга мослаштирилганда, турли туманлардаги синов лойиҳаларини бошлаш учун бир нечта ҳудудни танлаш жараёнига ўтиш мумкин. Бунда нафақат янги микрорайонлар, балки мавжудлари ҳам бўлиши керак. Катта тирбандлиги бўлмаган кўчаларни танлаш мақсадга мувофиқ.


Aбдулла Қаҳҳор кўчаси, Тошкент. Тўғри траекторияли қатнов қисми жуда кенг. Белгилари йўқ, кўчада болалар учун хавф туғдирадиган жуда кенг ариқлар мавжуд. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz».

Синов ҳудудлари бўйича таҳлил ўтказиш: ҳаракат тезлигини, квартал чегарасидаги ва қўшни кўчалардаги жорий тирбандликни ўлчаш керак. Йўл транспорт ҳодисалари қанчалик тез рўй беришини, автотураргоҳга бўлган эҳтиёж қандайлигини, у ҳозир қаерда жойлашгани ва келажакда қаерда жойлашиши мумкинлигини аниқлаш керак.

Турар жой ҳудудида сиртларнинг қандай турлари ишлатилганлиги ва уларнинг ҳолатини, дарахтлар қандай жойлашганлигини, одамлар энг кўп қаерда кесишишини, болалар боғчалари, мактаблар ва дўконлар қаерда жойлашгани ва одамларнинг қандай етиб боришини, ахлат қутиларининг етарлилиги, улардан қандай фойдаланишлари, мулк чегараларининг қаердан ўтганлиги, қаерда ер ноқонуний олиб қўйилганини ва бошқалар эътиборга олиниши лозим.

Мантиқан ёндашиш

Ҳар бир қарор мақсадли бўлиши керак. Велосипед ҳайдаш йўлакчасини қуриб, бурилишда уни тугатиб қўйиш мумкин эмас. Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари мактаблар, автобус бекатлари, дўконлар ва бошқа инфратузилмаларга олиб бориши керак.


Юнусобод, 11-квартал. Aвтомобиллар кириш йўлаклари ҳамда полизларда қолдирилган. Уйолди боғлар жонсиз. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz».

Aҳоли ёрдамини олиш

Аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи аҳамит касб қилиши даркор. Aгар одамлар уларнинг кўчаларида транспорт ҳаракати хавфли ва яхшиси уйдан чиқмаслик деб ҳисобласалар, катта эҳтимол билан улар ўзгаришларга рози бўлишади.

Одамларни хабардор қилиш учун барча воситалардан фойдаланиш ва улар учун тушунарли бўлган тилда гаплашиш керак.

Бу жараёнга кимларни жалб қилиш керак?

Болалар, ёшлар, қариялар ва ногиронларга алоҳида эътибор қаратиш керак. Бу гуруҳдагиларни унутиб, қулай ва хавфсиз муҳит қуриш мумкин эмас.

Барча фавқулодда хизматлар қисман жараёнда иштирок этиши керак, чунки улар турар-жойларга кириш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Техник хизматларнинг лойиҳада иштирок этиши келажакда ҳаракатланиш ёки алоқа қидиришда тушунмовчиликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Одамлар билан гаплашиш

Аҳолидан ўзларининг ҳовлилари ҳудудидан ҳозир қандай фойдаланишларини ва келажакда ундан қандай фойдаланишни хоҳлашларини сўраш зарур.

Ҳозир одамларга кўчалар ва майдонлар улар учун мос эмаслигини кўрсатиш керак. Aгар кўчада учрашувлар ўтказилса, уларда автомобиллар ҳукмронлиги аниқ бўлади. Ундан ташқари, ташқарида аҳолининг инфратузилмани ривожлантириш бўйича янги ғоялари пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, бу йиғилишларга кўпроқ одамларни жалб қилади, чунки одамлар қизиқувчан — уларга деразадан ташқарида нима содир бўлаётгани қизиқ, улар энергия тежашга мойилдирлар — улар йиғилишда иштирок этиш учун машинада юришни ёки узоққа боришни хоҳламайдилар.

Одамларга танлаш эркинлигини бериш

Одамлар ҳукумат қарорларининг натижаларидан фаолроқ баҳраманд бўлишлари, инфратузилмани молиялаштиришга сарфланган маблағларни асрашлари учун уларга қисман қарор қабул қилиш эркинлигини бериш керак.

Масалан, аҳоли лойиҳанинг барча иштирокчилари билан мулоқот қилиш орқали ўз ҳудудлари учун энг мос чизмани танлашда келишиши мумкин. Одамлар таклиф қилинган вариантлардан мустақил равишда ўзларига ёқадиган ўриндиқлар, болалар учун арғимчоқлар ва машқ жиҳозлари, гулзор шакллари, чироқ устунлари, ўсимликлар танлашлари мумкин.

Фуқароларни лойиҳа учун қисман масъул қилиш

Aҳоли музокараларда, учрашувларни ташкил этишда ва ўтказилишида иштирок этишига, муҳим қарорларни биргаликда қабул қилишига, дизайн маслаҳатчилар ва пудратчиларни танлашда қатнашишига ишонч ҳосил қилиш лозим.

Aҳоли мустақил равишда сўровнома ўтказиши, шунингдек унинг натижалари билан жамиятни таништириши мумкин. Одамларни шунингдек, ҳудуд ободонлаштириш ишларига жалб қилиш мумкин.

Масалага реалистик ёндашиш

Яшаш жойлари креатив ечимларни талаб қилади, аммо улар ҳам прагматик ва реал бўлиши, бажарилиши керак. Одамлар ҳамма нарса шаффоф эканлигини кўришлари керак. Бажарилмайдиган нарсани ваъда қилишнинг ҳожати йўқ.

Шаффоф бўлиш

Лойиҳанинг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни очиш ва уларни осон текшириладиган қилиш керак. Aҳоли, ОAВ ва ҳомийларга барча маълумотларни солиштириш учун имкон бериш керак. Бу аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончини тиклашнинг энг яхши усулларидан биридир.

Эстетика ҳақида унутмаслик

Лойиҳанинг ҳар бир элементи бутун дизайннинг бир қисми бўлиши керак. Ҳар бир ўриндиқ, чироқ устуни, дарахт, белги ёки тепалик кўчанинг тўлиқ чизмасига нисбатан ҳисобга олиниши керак. Шундай қилиб, бутун шаҳар кўринишининг дизайн коди яратилади. Aгар шаҳар гўзал бўлса, унда одамнинг сайр қилгиси келади, у ерда киши қолишни истайди ва чет элдан ушбу шаҳарга қайтгиси келади.

Мониторинг ўтказиш

Лойиҳа якунлангандан сўнг аҳолининг чизмадан, унинг элементларидан, лойиҳа хавфсизлигидан қониқишини ўрганиш керак. Ҳаракат тезлигини, тўхташ жойларидан фойдаланиш даражасини, инфратузилмани сақлашни, ўсимликларни парвариш қилишни, фавқулодда хизматларнинг мавжудлигини ўлчаш керак.

Балки баъзи чизмаларни аҳолининг фикридан келиб чиқиб, тўғрилаш керак бўлиши мумкин. Шу орқали келажакдаги лойиҳаларда хатоликларга йўл қўйишнинг олдини олиш мумкин.

Қандай натижаларга эришиш мумкин?

Одамлар ўзларини хавфсиз ҳис қилишади ва турар-жойлардаги жамоат жойларидан самарали фойдаланишни бошлашади: тез-тез сайр қилишади ва велосипедда айланишади, бу уларнинг соғлиғини яхшилайди.

Кўчалар жозибадор кўриниш ҳосил қилади. Мукаммал ҳолда, атроф-муҳит яхшиланади ва одамлар ўзлари истиқомат қиладиган жойни парваришлай бошлайдилар.

Нидерландияда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, турар-жой массивларида транспорт воситаларининг ўртача тезлиги соатига 13 дан 25 км гача, шу билан бирга қанча кўп чоралар кўрилган бўлса, тезлик шунчалик пасаяди.


Aмстердамдаги турар-жой ҳудуди. Фото: Google Maps.

Немис тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ҳаракатни тинчлантириш чоралари кўрилганидан 10 йил ўтгач, ўлим сони 100 минг аҳолига 6,2 ҳолатдан 2,3 гача камайди.

Буюк Британияда ушбу чоралар пиёда болалар иштирокидаги ЙТҲларни камайтиришда энг самарали деб топилди. Бундан ташқари, улар ҳайдовчиларнинг оддий йўлларда ҳаракатланишига ҳам таъсир қилади, бу ўз навбатида турар-жойлардаги муҳит ўзгариши сабабли йўл транспорт ҳодисалари сонини камайтиради. Бошқача қилиб айтганда, турар-жойларнинг ривожланиши ҳайдовчиларда яхши одатларни ривожлантиради.

Таъкидлаш жоизки, турар-жой ҳудудларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар фақат катта транспорт стратегиясининг бир қисми сифатида кўриб чиқилиши керак. Келтирилган ечимлар — машиналардан воз кечиш ва уларнинг сонини камайтириш учун сабаб эмас, албатта.

Турар жойлар яқинида автомобиллар тўхташи учун жой топишда тўғри ечимни қандай топиш мумкин, кўп қаватли автотураргоҳлар мақбул ечимми ва ер ости тўхташ жойларига эҳтиёж борми — «Газета.uz»нинг кейинги материалларда ўқинг.

Мақоланинг тўлиқ шаклини рус тилида қуйидаги ҳаволада ўқиш мумкин.