Халқ депутатлари Чуст туман кенгаши янги ҳокимни тайинланишни маъқуллади, дея хабар берди туман ҳокимлигининг матбуот хизмати.

Хабарга кўра, 17 июль куни Халқ депутатлари Чуст туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Йиғилишда Чуст тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Баҳодир Охунов ўз лавозимидан озод этилган.

«Сессияда иштирок этган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Чуст тумани ҳокими лавозимига Бекзод Ҳамдамов номзодини таклиф қилди. Депутатлар ушбу номзодни маъқуллади», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Бекзод Ҳамдамов 1979 йилда Мингбулоқ туманида туғилган. 2001 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти, 2008 йилда эса Солиқ академияси магистратурасини тамомлаган.

У шу кунга қадар Мингбулоқ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.